Тожикистонда кўчада ниқоб тақмасдан юрганлик учун жаримага тортиш бошланди
Тожикистонда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартиришлар кучга кирди: энди тиббиёт ниқоби тақмай юриш, уйдирма маълумотлар тарқатиш жаримага сабаб бўлади, коронавирус инфекциясини тарқатганлик учун — қамоқ жазоси берилади.
Фото: Абдуллоҳ Ғурбатий / Asiaplustj.infoКодексларга киритилган ўзгаришлар матни бугун, 8 июль куни ҳукуматнинг «Жумҳурият» газетасида эълон қилинди ва чоп этилган санадан расман кучга кириши ҳам эълон қилинди. Чунки Тожикистон қонунчилигида солиқлар ва жарималар ҳақидаги ўзгартиришлар расман чоп этилган санадан бир ой ўтиб кучга кириши белгиланган.
Ўзгаришларга кўра, жамоат жойларида тиббиёт ниқобисиз юрганлик учун фуқаролар 116 сомонийдан 290 сомонийгача (116 минг — 290 минг сўмга тўғри келади) жаримага тортилади. Юқумли касалликлар, жумладан коронавирус инфекциясини тарқатганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Хавфли юқумли касалликлар тўғрисида уйдирма маълумотларни жумладан ОАВ ва интернет орқали тарқатиш учун жарима санкциялари қўлланилади — жисмоний гахслар учун 580 сомонийдан бошлаб, юридик шахслар учун эса 11 минг 600 сомонийдан бошлаб.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бундай ўзгартиришлар 26 март куни амалга оширилган эди. Ўшанда президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди.
Унга кўра, Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишда ифодаланган янги 244-5-модда билан тўлдирилган эди.
Эндиликда, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш — БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек интернет орқали тарқатиш — БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 54-моддаси таҳрири ўзгартирилган.
Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик — фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Комментарии (0)