< Юзлаб авиарейслар вақти ўзгарди, юк машиналари ҳаракати тўхтатилди – Кореяда имтиҳон куни қандай ўтди? » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Юзлаб авиарейслар вақти ўзгарди, юк машиналари ҳаракати тўхтатилди – Кореяда имтиҳон куни қандай ўтди?

Юзлаб авиарейслар вақти ўзгарди, юк машиналари ҳаракати тўхтатилди – Кореяда имтиҳон куни қандай ўтди?
Кеча, 14 ноябрь – Жанубий Кореяда йилнинг энг ҳаяжонли куни бўлди: юқори синф битирувчилари олийгоҳларга кириш имтиҳонини топширишди.
Коллеж таълимига муносибликни текшириш тести (CSAT – College Scholastic Ability Test) деб номланувчи давлат имтиҳони ёшлар ҳаётида энг муҳим воқеадир. Пайшанба куни Кореянинг 1185та мактабидa абитуриентлар соат 8:40дан 16:30гача имтиҳон топширишди.

Корейс халқи ёшларни имтиҳон вақтида қўллаб-қувватлашни жуда муҳим деб ҳисоблайди. Таълим вазирлиги раҳбарлари, шаҳар мэрлари ва бошқа амалдорлар бўлажак талабаларга омад тилаш мақсадида имтиҳондан аввал улар билан учрашадилар.

Давлат имтиҳонининг шаффоф ва тинч ўтиши қаттиқ назорат қилинади. 
Қуйида Жанубий Кореядаги давлат имтиҳонлари ҳақидаги айрим қизиқарли фактлар келтириб ўтилади.
  • Имтиҳон куни ўқувчилар ҳеч нима олиб киришмайди. Ҳатто ручка ҳам. Барча керакли ўқув қуроллари, тинглаш воситалари хонада тайёрланган бўлади.
  • Бу кунда самолётларнинг учиш-қўниш ҳаракати тўхтатилади. Кеча имтиҳон сабабли 158та рейснинг вақти кўчирилди. Улардан 40таси – халқаро рейслар.
  • Транспорт воситаларининг сигнал бериши, ортиқча шовқин солиши тақиқланади. Катта юк машиналарининг ҳаракатланиши тўхтатиб турилади.

  • Мактаблар атрофидаги катта қурилиш ишлари ҳам тўхтатиб турилади.
  • Болаларнинг имтиҳонга кечикмай, ўз вақтида етиб келиши учун давлат ишхоналари, дўконлар, банк ва бошқа муассасаларнинг иш вақти кеч бошланади.

  • Инглиз тили ёки бошқа тил фанларидан «Listening» (тинглаш) бўйича саволларни ечиш учун хонада максимал даражада тинчлик ва сукунат сақланиши керак. Ўқувчилар саволни тўлиқ эшитиши учун ҳар бирига алоҳида қулоқчинлар берилади.
  • Полиция ходимларининг машиналари ва махсус посбонларнинг мотоцикллари кечга қолаётган ўқувчиларни олиб бориб қўйиш учун ҳар бир ҳудудда тайёр туришади. 
Фото: Business Watch
  • Имтиҳон давомида репортёр, журналистларнинг суратга олишлари мумкин эмас.
  • Кечаги давлат имтиҳони ҳар доимгидек қатъий қоидаларга амал қилинган ҳолда якунланди. Ўқувчилар энди имтиҳон натижаларини тахминан 10 декабрда билишлари мумкин.
Корея ёшлари учун имтиҳон – бу қандайдир «бункерлар ўйини» ёки тасодифий омад эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир. Имтиҳондан йиқилиш боланинг тақдирига катта таъсир кўрсатади. Шу сабабли Жанубий Корея ёшларнинг ўз жонига қасд қилиши бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) давлатлари орасида 1-ўринда туради.

Шу боисдан ҳар бир бола ўз билими ета оладиган олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, талаба бўлишни истайди. Шунингдек, фарзанднинг ютуғи ота-она учун ҳам жуда муҳим рол ўйнайди. Ўқишга кириш – бу оила ғурури, манфаати ва порлоқ келажакнинг таъминланганидир.
Феруза Авазова,
Kun.uz мухбири.




Комментарии (0)

Оставить комментарий