< Нью-Йоркда Мадуро айбловни рад этди, Каракасда Родригес қасамёд қилди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Нью-Йоркда Мадуро айбловни рад этди, Каракасда Родригес қасамёд қилди

Нью-Йоркда Мадуро айбловни рад этди, Каракасда Родригес қасамёд қилди
АҚШ томонидан қўлга олинган Венесуэла раҳбари Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Нью-Йорк Жанубий округ федерал судидаги дастлабки мажлисда ўзларига қўйилган барча айбловларни қатъий рад этди. Уларга, хусусан, «наркотерроризм» бўйича айблов қўйилган бўлиб, кейинги суд мажлиси 17 март кунига белгиланди.
Шу пайтнинг ўзида Каракасда сиёсий саҳна кескин бурилди: вице-президент Делси Родригес вақтинча давлат раҳбари сифатида қасамёд қабул қилди. Бу қадам Мадуро қўлга олинганидан кейин мамлакатда «бошқарув бўшлиғи» пайдо бўлмаслиги учун амалга оширилгани таъкидланмоқда.
Суддаги биринчи манзара: кишан, конвой ва кескин баёнотлар
Маълумотларга кўра, Мадуро ва Флорес суд биносига вертолёт орқали олиб келинган, уларга АҚШ гиёҳванд моддаларга қарши кураш тизими ходимлари ҳамроҳлик қилган. Оммавий суратларда улар кишанланган, маҳбуслар учун хос оч рангли формада экани кўринади. Айблов хулосасида наркотерроризм мақсадида тил бириктириш, автоматик қурол ва портловчи қурилмалар билан боғлиқ бандлар ҳам тилга олинган.
Америка ОАВлари ёзишича, Мадуро судда таржимон орқали испан тилида гапирган ва ўзини «қонуний президент» деб атаган, ҳатто «ҳарбий асир» деган иборани ишлатгани ҳам қайд этилган. Унинг адвокати сифатида Барри Жоэл Поллак иштирок этаётгани, ишни эса 92 ёшли судья Элвин Ҳеллерстин кўриб бораётгани айтилмоқда.
Каракасда қасамёд ва «Vamos Nico» шиори
Венесуэлада эса Миллий ассамблеяда Делси Родригес вақтинча президент сифатида қасамёд қабул қилди. Маросимни парламент спикери, унинг акаси Хорхе Родригес олиб боргани хабар қилинди. Шу йиғинда Мадурони қўллаб-қувватловчи «Vamos Nico» («Олға, Нико!») шиорлари янграгани, ҳатто Ассамблея Мадуронинг рафиқаси Силия Флореснинг бўш ўрни кўрсатилганда ҳам уни олқишлаган.
Ассамблеядаги шовқин Мадуронинг ўғли — Венесуэла парламенти аъзоси Николас Мадуро Герранинг нутқи бошланганида тинчиди, у ота-онаси Венесуэлага «қайтиши» ҳақида гапирган.
У, шунингдек, Родригесни «сўзсиз қўллаб-қувватлаши"ни билдирган. «Менга ишонаверинг. Менинг оиламга ишонинг», — деган унга Николас Мадуро Герра.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий