Марказий Осиё интеграциясига нималар тўсиқ бўлмоқда?
Марказий Осиё давлатлари интеграция устида ўтган асрнинг 90-йилларидан бери бош қотириб келади. Бироқ қатор ички ва ташқи омиллар бу жараённи тўлиқ амалга оширишга халақит қиляпти.Иқтисодий омил
Мустақилликдан кейин нефт ва табиий газнинг йирик экспортчилари — Қозоғистон ва Туркманистон учун Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бозорлари устувор бўлган. Чунки Марказий Осиё мамлакатларида катта миқдорда ёнилғи ресурсларини истеъмол қилиш ва харид қилиш имконияти бўлмаган. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар — Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳам асосий савдо-сотиқ ва инвестиция шериклари ҳисобланади. Табиийки, ташқи савдодаги бундай номутаносиблик давлатлар кесимида халқаро алоқаларга нисбатан турли стратегиялар қўллашга сабаб бўлиб келади.
Хусусан, Ўзбекистон мисолида жорий йилнинг ўтган 10 ойлигини таҳлил қилсак, ташқи савдо айланмасида минтақа давлатларининг умумий улуши 11,6 фоизни ташкил этади. Қозоғистонда эса бу кўрсаткич — 5,4 фоиз. Яъни минтақанинг ҳеч бир давлати учун бошқа бири асосий иқтисодий ҳамкор мамлакат эмас ва минтақа иқтисодиётлари ҳалигача хомашё ресурслари экспортига боғланиб қолган.
Шунингдек, иқтисодий қонунчилик тизимида ҳам фарқли жиҳатлар кўп. Энг аввало, Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо. Шу сабабли ўзларининг ташқи иқтисодий сиёсатини эркин белгилай олмайди. Ўзбекистонда эса протекционизм даражаси жуда юқори. Бу — қўшни мамлакатлардан маҳсулот олиб киришни сезиларли даражада қимматлаштиради.
Ташқи геосиёсий босим
Марказий Осиёдаги интеграцияга таъсир қиладиган ташқи омиллар ҳам мавжуд. Минтақани бир қатор куч марказлари — Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Эрон ва Туркия манфаатлари тўқнашган «кўп томонлама рақобат ўчоғи» дейиш мумкин.
Хусусан, яқин ўтмишда Марказий Осиё давлатлари билан ягона социалистик блокда бўлган Россия ва глобал лидерликка интилаётган Хитой минтақа мамлакатларининг бирлашишини истамайди. Улар бу ердаги бозорларни қўлдан чиқармаслик ва ўз сиёсий таъсир доирасини янада кенгайтиришдан манфаатдор.
Туркий давлатлар иттифоқини тузишга уринаётган Туркия эса интеграция жараёнида ўзи ҳам иштирок этишни ва янги иттифоқ расмий Анқара атрофида вужудга келишини истайди.
Марказий Осиё ўзига хос чорраҳа ҳисобланиб, унинг ҳудуди Россия, Хитой, Эрон ва ундан Яқин Шарққа, Покистон ва Ҳиндистонга чиқиш имкони берувчи кўприк ҳисобланади. АҚШ бу ҳудудга ҳарбий контингент жойлаштиришга юқорида санаб ўтилган давлатларнинг барчасини тийиб туриш имконини берувчи куч сифатида қарайди. Афғонистондан Қўшма Штатлар ҳарбий қисмлари чиқиб кетганидан кейин, Вашингтон учун минтақанинг аҳамияти янада ортди. Айтиш мумкинки, ташқи куч марказларидан АҚШ ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёда интеграция бўлишидан манфаатдор, улар бу омил минтақада Россия ва Хитойнинг таъсири ортишини чеклайди, деб ҳисоблайди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)