Россия ҳукумати грузин виноси ва минерал суви импортини тақиқлашни кўриб чиқади
Россия ҳукумати депутатларнинг грузин виноси ва минерал суви импортини тақиқлаш тўғрисидаги мурожаатини ҳамда Россиядан Грузияга пул ўтказмаларини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқади. Бу ҳақда ҳукумат раисининг матбуот котиби Олег Осипов маълум қилди.Аввалроқ парламент қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин Россия, унинг президенти ва фуқаролари ҳақорат қилинишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб ана шундай таклиф билан чиққанди.
7 июлда Грузиянинг “Рустави 2” телеканали бошловчиси Георгий Габуния ўзининг муаллифлик дастурини Россия президенти Владимир Путин номига сўкиниш билан бошлаб Грузияда можаро келтириб чиқарди.
Унинг бу хатти-ҳаракати телеканал биноси ёнида норозилик намойишлари бошланишига олиб келди.
Вазиятга Грузиянинг расмий шахслари изоҳ беришди. Жумладан, президент Саломе Зурабишвили бошловчининг бу қилмишини қоралаган ва унинг бу иши грузин анъаналарига тўғри келмаслиги ҳамда икки давлат ўртасида охирги кунларда ўзи шундоқ ҳам таранглашган муносабатларнинг янада ёмонлашишига олиб келишини айтган. Бош вазир Мамука Бахтадзе ҳам телебошловчини қоралаган.
Комментарии (0)