Трамп Путиндан Америкадаги сайловларга аралашмасликни сўради
Суҳбат бир ярим соатдан ортиқ вақт давом этган. Хабар қилинишича, сиёсатчилар Эрон, Украина, Сурия, Венесуэла масалаларини муҳокама қилишган. Оқ уйдагиларнинг қайд этишича, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланишидан бутун дунё манфаатдорлиги қайд этилган.
Қурол устидан назорат мавзуси кўтарилган вақтда америкаликлар президенти бу музокараларга Хитойни ҳам қўшиш зарурлигини қайд этган.
Учрашув бошида Дональд Трамп табассум билан Путиндан Америкадаги сайловларга аралашмасликни сўради.
У матбуот вакиллари саволларига жавоб бериш асносида икки марта Путинга ўгирилиб шундай деган: «Илтимос, сайловларга аралашманг».
Бундан аввалроқ, икки етакчи G20 саммити очилиш маросимида қисқа суҳбат қургани хабар қилинганди.
«Катта еттилик» давлатлари саммити Япониянинг Осака шаҳрида 28 июндан 29 июнгача бўлиб ўтмоқда. Унда жаҳон иқтисодиётидаги энг йирик 20 давлат вакиллари иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин ва Дональд Трампнинг тўлиқ форматдаги илк учрашуви 2018 йилнинг 16 июлида Хельсинки шаҳрида ўтказилганди. Ўшанда президентлар қарийб тўрт соат давомида музокара ўтказишганди. Якунда томонлар музокара натижаларидан қониқиш ҳосил қилишганини билдиришганди.
Маълумот учун, АҚШдаги кейинги президентлик сайловлари 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтиши белгиланган. Трамп 2017 йилнинг январида иккинчи муддат учун ҳам номзодини қўйишини маълум қилганди. У бироз аввалроқ навбатдаги президентлик кампаниясини бошлади.
Комментарии (0)