Россия ва Грузия ўртасидаги авиақатновлар бутунлай тўхтатилади
Мазкур тақиқ вақтинчлик бўлиб, 8 июлдан бошлаб амал қила бошлайди. У ҳам йўловчи, ҳам тижорий қатновлар учун бир хилда жорий қилинмоқда. Қайси томон бундай чорага қўл ураётгани агентлик материалида аниқлаштирилмаган.
Кейинроқ мазкур ахборотни Россия транспорт вазирлиги ҳам тасдиқлади, деб ёзмоқда ТАСС.
21 июнь куни Россия президенти Владимир Путин 8 июлдан бошлаб Россия авиакомпанияларига Грузияга парвоз қилишни тақиқлаш ҳақида фармон имзолаган эди. Бироқ бу чора Грузиянинг Россияга парвозлар уюштириб келган икки авиакомпанияси — Georgian Airways ва MyWay Airlines’га тааллуқли эмас эди.
Россия етакчиси Грузия пойтахти Тбилисида ўтган норозилик акцияларига жавобан шундай қарор қабул қилди. Тбилисида 20 июнь куни бир неча минг киши мамлакат парламенти биносини штурм билан эгаллашга ҳаракат қилган. Бир неча соат ўтиб полиция намойиш қатнашчиларига қарата кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллаган. Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашувлар натижасида 240 одам жабрланган, уларнинг 80 нафари полиция ходимларидир.
Комментарии (0)