АҚШ сенати Саудияга қурол сотишни чеклади. Бу қарор Эрон фойдасига ишлаши айтилмоқда
Дональд Трамп эса сенатнинг бу қарорига қарши вето эълон қилишини айтди. Президент администрациясида бу қарор АҚШ ўзининг йирик ҳамкорини оғир вақтда ташлаб қўйиши деб қабул қилишмоқда. Трамп маъмуриятида Эроннинг агрессив ҳаракатлари бу қарордан сўнг янада кучайиши тахмин қилинмоқда.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео агар мамлакат Саудияга қурол сотмаса, Саудия Эрон агрессиясидан жабрланиши мумкинлигини айтди. Сенатнинг ташқи ишлар қўмитаси раиси Жим Риш ҳам шу қабилида фикр билдирди: «Бу келишувлардан воз кечиш Эрон агрессиясини қўллаш ва унинг томир отиши учун шароит яратиш демак».
Трамп администрацияси Саудияга 8 миллиард долларга қурол сотиш борасида 22 та шартнома имзолаганди ва унга кўра АҚШ Саудияга турли хил бомба, ўқ-дорилар етказиб бериши, шунингдек қирувчи самолётларга хизмат кўрсатиш борасида кўмак бериши лозим эди.
Маълумот учун, Саудия Арабистони 2017 йилда АҚШдан 115 миллиард долларга қурол-яроқ сотиб олганди. АҚШ Саудия учун ҳарбий соҳадаги энг асосий ҳамкор ҳисобланади.
Комментарии (0)