Дунё авиакомпаниялари Airbus’нинг янги самолёти учун навбатга тура бошладилар
Авиасалоннинг 3-куни Airbus’нинг ушбу янги моделидан дунёдаги энг йирик авиакомпания American Airlines 50 дона буюртирди.
Бундан ташқари, самолёт Австралиянинг Qantas Airways Ltd авиакомпаниясида қизиқиш уйғотди ва компания 36 дона A321XLR’га буюртма берди.
Яна 50 та лайнерга Indigo Partners гуруҳи ва унинг таркибига кирувчи бошқа 3 та авиакомпания: Wizz Air (20 дона), Frontier (18 дона) ва jetSMART (12 дона) буюртма берди.
A321XLR’нинг ишлаб чиқарилиши ҳақида 17 июнда эълон қилинган, биринчи самолётлар 2023 йилда етказиб берила бошланади. Самолёт 8,7 минг кмгача масофаларга рейсларни бажара олиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич A321LR’никидан 15 фоизга кўпроқни ташкил қилади. Airbus вакилларининг таъкидлашича, янги модел авиакомпанияларга аввалги моделларга нисбатан бир йўловчига ҳисоблаганда ёнилғини 30 фоизга тежаш имконини беради.
Янги самолётни ҳозирда кенг фюзеляжли самолётлар учаётган, камроқ юкланган узоқ магистрал йўналишларда қўллаш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Taiwan China Airlines авиакомпанияси 11 та A321neo’дан сотиб олишга ва шундай самолётдан 14 тасини лизингга олишга келишув имзолади. Шунингдек, Ирландиянинг Accipiter Holdings лизинг компанияси 20 дона A320neo’дан харид қилиш бўйича битим тузди.
Airbus акцияларининг 20 июнда Париж биржасидаги савдолар вақтида нархи 0,4 фоизга қимматлаган. Йил бошидан эса компания капиталлашуви 47 фоизга ошиб, 95,2 млрд еврога етган.
Комментарии (0)