International Airlines Group холдинги муаммоли Boeing 737 Max’дан 200 дона сотиб олади
IAG ва Boeing Париждаги авиасалонда бўлғуси битимни муҳокама қилган ва томонлар истакларини тасдиқловчи мактуб имзолаган. Тахмин қилинишича, битим қиймати 24 млрд долларни ташкил қилади. Холдинг 737 Max 8 ва Max 10 модификациясидаги самолётлардан харид қилади.
“Биз Boeing’га тўлиқ ишонамиз ва уларнинг самолётлари яқин ойларда тегишли идораларнинг рухсатини олиб, фойдаланишга муваффақиятли қайтарилади”, деб айтган IAG бош директори Уильям Уолш.
IAG холдинги Буюк Британия ва Испаниядаги етакчи авиакомпаниялар – British Airways ва Iberia ҳамда Aer Lingus, Vueling ва LEVEL’га эгалик қилади. Умумий ҳисобда бу авиакомпаниялар йилига 113 млн йўловчи ташийди.
Boeing 737 Mаx самолёти парвозлари 2019 йил мартида Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг ва 2018 йил октябрда Lion Air авиакомпаниясининг шу моделдаги самолётлари ҳалокатидан кейин бутун дунё бўйлаб тақиқлаб қўйилганди.
Boeing’да ҳалокатлар самолётдаги МCAS дастурий таъминоти тизимидаги муаммолар билан тушунтирилган. Компания май ўрталарида дастурий таъминот тўлиқ янгиланганини маълум қилган.
Комментарии (0)