Туркманистон президенти ўз ўғлини вилоят раҳбари этиб тайинлади
Аҳал вилояти Туркманистон пойтахти Ашхобод алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилгандан кейин пайдо бўлган. Сардор Бердимуҳамедов бунгача вилоят раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаб келган. У бу лавозимга жорий январда тайинланган. Сардор бошқа ишга ўтказилган Шуҳрат Амангелдиев ўрнини эгаллайди.
Президентнинг 37 ёшли ўғли мамлакат қуролли кучлари подполковниги ҳисобланади. 2016 йилда мамлакат парламентига сайланган, 2018 йил мартида эса ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимини олган.
Президентнинг ўғли бошқарадиган вилоятда 900 мингдан кўпроқ киши ёки Туркманистон жами аҳолисининг 14 фоизи яшайди. Вилоят ҳиссасига жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 23 фоизи, саноат ишлаб чиқаришининг 31 фоизи ва мамлакатда олинувчи табиий газнинг 44 фоизи тўғри келади.
Мутахассисларнинг фикрича, айнан Сардор Бердимуҳамедов отасининг ўрнини эгаллашга асосий номзод ҳисобланади. Таъкидланишича, у борган сари кўпроқ отаси билан оммавий тадбирларда иштирок этмоқда, расмий материалларда у “халқ ўғлони” деб аталади ва мамлакатни ривожлантиришдаги, жумладан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳиссаси таъкидлаб ўтилади.
Комментарии (0)