< Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлади

Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё бўйича янги стратегияни тасдиқлади
Евроиттифоқдаги 28 давлат ташқи ишлар вазирлари ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янги стратегиясини тасдиқлади. Бу ҳақда ЕИ кенгашининг баёнотида маълум қилинди.
"17 июнь куни кенгаш Евроиттифоқнинг минтақадаги янги имкониятларга мослашадиган сиёсатини, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ЕИ янги стратегиясини қабул қилди. Кенгаш ЕИ ва Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ЕИнинг Марказий Осиё бўйича илк стратегияси қабул қилинган 2007 йилдан буён мустаҳкамланиб бораётганини олқишлайди" дейилади баёнотда.
ЕИнинг янги стратегияси икки жиҳатга қаратилади. Биринчиси, "Марказий Осиё давлатларининг ички ва ташқи муаммоларни бартараф этиш имкониятларини кучайтиришни таъминлаш ва уларнинг ислоҳотлар ўтказиш қобилиятларини ошириш мақсадидаги ҳамкорлик". Иккинчиси, "иқтисодий модернизация, бирлашиш ва ёшларга инвестиция киритишни қўллаб-қувватлаш ҳисобига минтақанинг гуллаб-яшнаши".
Маълум қилинишича, Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Федерика Могерини янги стратегияни Бишкекда 7 июлда бўлиб ўтадиган ЕИ – Марказий Осиё вазирлар учрашувида тақдим этади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий