< Прагада ҳукуматга қарши намойишлар — 120 минг киши бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Прагада ҳукуматга қарши намойишлар — 120 минг киши бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда

Прагада ҳукуматга қарши намойишлар — 120 минг киши бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда
5 июнь куни Чехия пойтахти Прага шаҳрида ўн минглаб кишилар мамлакат бош вазири Андрей Бабишга қарши норозилик акциялари бошлашди. Reuters хабарига кўра, улар мансабини суиистеъмол қилишда гумонланаётган ҳукумат раҳбари истеъфосини талаб қилишмоқда.
Ташкилотчиларнинг баҳоларига кўра, Прагадаги Вацлавск майдонига қарийб 120 минг киши тўпланган. Бу акция Прагада 1989 йилда ўтказилган «Бахмал инқилоби»дан буён ўтказилган энг йирик намойиш бўлмоқда. 30 йил олдинги намойишларда юз минглаб кишилар иштирок этган ва якунда ҳуқуқ фаоли Вацлав Гавель ЧССР (Чехословакия) президентига айланганди.
Бош вазир ва миллиардер Андрей Бабишга қарши норозилик кайфияти апрель ойи охирида кучайганди. Ўшанда Чехия полицияси ҳукумат раҳбари фирибгарлик иши бўйича судга тортилиши кераклигини маълум қилганди. Намойишчилар Чехия Адлия вазирлигининг янги раҳбари Мария Бенешова ҳам мазкур ишга алоқадорлигини гумон қилишмоқда.
Бабиш иши Европа Иттифоқи томонидан ажратилган 2 миллион евро миқдоридаги субсидияни бош вазир билан алоқадор компания қўлга киритгани билан боғлиқдир. Бабишнинг ўзи айбловларни инкор этмоқда ва бу иш сиёсий рақиблари томонидан ташкиллаштирилганини иддао қилмоқда.
Кўчаларга кимлар чиқди?
Фото: EPA
«Демократия учун миллион лаҳза» гуруҳи апрель ойи охиридаёқ оммавий намойишларни ташкиллаштира бошлаганди. Охирги марта, ўн кунча муқаддам Вацлавск майдонига 50 минг киши йиғилганди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, сешанба куни намойишчилар сони икки баробар ортган. Бу эса Прагада сўнгги 30 йилдаги энг йирик намойишлар бўлиб ўтмоқда, деганидир.
Намойишчилар қўлларига Бабишнинг «кет» ёзуви туширилган портретларини кўтариб олишган. Шунингдек, бош вазир жиноятларда айбланган саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда.

Нималар бўлди?
Андрей Бабиш
Filip Singer / EPA / Scanpix / LETA
Собиқ коммунист Андрей Бабиш - Чехиянинг энг бадавлат иккинчи кишисидир.
У 2017 йилда коррупцияга қарши ваъдалар билан ANO партияси вакили сифатида ҳукумат тепасига келган. 
Бабишга қарши кампанияга қарамасдан, унинг партияси ўтган ҳафтада Европарламент учун сайловларда 21,2 фоиз овоз билан иккинчи бўлди.
Апрель ойида чех полицияси Европа Иттифоқи субсидиялари билан фирибгарлик қилингани бўйича Бабишга нисбатан айблов эълон қилишни сўради. Можаро фонида Чехия Адлия вазири истеъфога чиқди, аммо намойишчилар унинг ўрнига келган Мария Бенешовада ҳам истеъфо талаб қилишмоқда.
Ўтган ҳафтанинг жума кунида матбуотда Еврокомиссиянинг Бабиш бўйича ҳисоботининг қораламаси эълон қилинди, унда муаллифлар бош вазир субсидиялар сифатида берилган бир неча ўн миллион евро миқдоридаги маблағларни ЕИга қайтариши кераклиги бўйича хулоса қилишганди. 
Бабиш 2017 йилда, ҳукумат тепасига келишидан икки ой муқаддам ўзининг Agrofert ҳолдингини ўғли номига ўтказганди. Аммо Еврокомиссиядагилар у ҳамон гуруҳдан фойда олмоқда, деб ҳисобламоқда.
Бабишдан 17,5 миллион еврони ортга қайтаришни талаб этишлари мумкин. Унинг ўзи барча айбловларни «кир ёлғон» деб атамоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий