ЕХҲТ бош котиби Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди
“Томас Гремингер Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди, ташкилот бундан кейин ҳам муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани таъкидланди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Мулоқотда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Словакия ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчакнинг 19-20 май кунлари Ўзбекистонга қилган ташрифи якунлари, шунингдек, ташкилот фаолияти ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Бош котиб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, давлат идоралари масъулиятини ошириш, ижтимоий сиёсат ва демократик институтларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш, иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган самарали ҳаракатларни мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистонда бир қатор хорижий агентликлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар сайтларига кириш тўлиқ тиклангани эътироф этилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар самарали амалга оширилаётгани, мазкур стратегиянинг мақсади ЕХҲТ кун тартибида турган масалаларга тўла мос келиши алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунига кўра, ҳамкорликда Ўзбекистонда кенг миқёсда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қўшимча тадбирлар ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Комментарии (0)