Зеленский Украина президенти лавозимига киришди
Конституцион суд раҳбари Наталия Шаптала Украинанинг янги сайланган президенти конституциянинг 104-моддасига кўра лавозимга киришиши мумкинлигини маълум қилди. У Зеленскийга Украина президенти ҳокимиятининг расмий рамзлари: гурзи, гербли муҳр ва занжирли орден кўринишидаги белгини топширди.
«Интерфакс» агентлиги мухбири хабар қилишича, парламент залида барча депутатлар, 50дан ортиқ хорижий делегациялар вакиллари, жумладан халқаро ташкилотлар, Украинанинг собиқ президентлари Леонид Кравчук, Леонид Кучма, Виктор Юшченко, Петро Порошенко, Украина ҳукумати аъзолари, черковлар ва диний ташкилотлар вакиллари, суд тизими вакиллари ҳамда бошқа таклиф этилган меҳмонлар ҳозир бўлишган.
Зеленский Рада биносига Марина хиёбони бўйлаб келган. У янги ҳукуматнинг асосий фишкаси - фуқароларга яқин бўлишда эканини айтган. Зеленский ўз йўлида одамлар билан қўл бериб саломлашиб ўтган, кейин тантанали равишда парламент залига йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни ўтказилган Украина президентлиги учун сайловларнинг иккинчи турида Владимир Зеленский 73,22 фоиз овоз олиб, давлатнинг янги раҳбарига айланганди. Иккинчи номзод, Украинанинг бешинчи президенти Петро Порошенко учун эса сайловчиларнинг 24,45 фоизи овоз берганди.

Комментарии (0)