< Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган етти давлат маълум бўлди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган етти давлат маълум бўлди

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган етти давлат маълум бўлди
Бугунги кунда дунё аҳолиси сони мамлакатлар кесимида бир хил тақсимланмаган. Айрим давлатларда аҳоли сони жадал суръатларда ортиб бораётган бўлса, бошқаларида, аксинча, камайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотлари асосида тайёрланган янги ҳисоботда сайёрамиз аҳолисининг катта қисми жамланган етти давлат номи маълум қилинди. Қизиғи, Ер юзидаги ҳар икки кишидан бирига яқини айнан шу мамлакатларда истиқомат қилади.
БМТ маълумотлари асосида DataReportal томонидан эълон қилинган ҳисоб-китобларга кўра, дунё аҳолисининг 4 миллиарддан ортиқ қисми атиги етти мамлакат ҳудудида яшайди. Ушбу кўрсаткич мазкур давлатларнинг жаҳон демографик манзарасида қанчалик катта ўрин эгаллашини яққол намоён этади.
Аҳоли сони бўйича тузилган рейтингда биринчи ўринни Ҳиндистон банд этган. Мамлакатда қарийб 1,48 миллиард киши истиқомат қилади. Иккинчи поғонадан эса 1,41 миллиард аҳолига эга Хитой жой олган. Шу тариқа, дунёнинг энг кўп аҳоли яшайдиган ушбу икки Осиё давлати ҳиссасига жаҳон аҳолисининг қарийб 35 фоизи тўғри келади.
Рейтингнинг учинчи ўрнида 349 миллион аҳоли билан Америка Қўшма Штатлари қайд этилган. Кейинги поғоналарни Индонезия ва Покистон эгаллаган бўлиб, уларда мос равишда 288 миллион ва 260 миллион киши яшайди.
Африка қитъасининг энг кўп аҳолига эга давлати ҳисобланган Нигерия 243 миллион аҳоли билан олтинчи ўриндан жой олган. Еттилик рўйхатини эса 213 миллион аҳолига эга Бразилия якунлаган.
Шундай қилиб, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Индонезия, Покистон, Нигерия ва Бразилияда жами Ер юзи аҳолисининг тахминан 51,2 фоизи истиқомат қилади. Бошқача айтганда, дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи бор-йўғи етти мамлакат ҳудудида жамланган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий