< Саудияда Украина бўйича тинчлик музокаралари ўтказилади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Саудияда Украина бўйича тинчлик музокаралари ўтказилади

Саудияда Украина бўйича тинчлик музокаралари ўтказилади
Август ойида Саудия Арабистонида Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилишга бағишланган халқаро музокара ўтказилади. Бу маълумотни Украина томони ҳам тасдиқлади.Музокараларда Украина ва иттифоқчиларидан ташқари баъзи ривожланаётган давлатлар ҳам иштирок этади. Бу йиғилишга Россияни таклиф қилишмаган, чунки унда Украинанинг Москвани қониқтирмайдиган шартлар акс этган тинчлик режаси кўриб чиқилади.
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Саудияда тинчлик бўйича музокаралар ўтиши, унда давлат раҳбарларининг хавфсизлик ва сиёсат бўйича маслаҳатчилари иштирок этишини маълум қилди.
Ермак тинчлик учун айнан Киев илгари сурган режа асос бўлиши кераклигини таъкидлаган. «Шунингдек, биз мулоқот давомида БМТ Низомига ва халқаро ҳуқуққа зид бўлмаган фикрларни инобатга олишга тайёрмиз», деган Ермак.
Зеленский офиси раҳбари Киев тинчлик формуласини уч босқичда амалга оширмоқчи эканини қўшимча қилган.
Режанинг биринчи қисмида Украинада аккредитациядан ўтган элчилар ўртасида учрашув бўлиши керак. Иккинчи босқичда эса муаммога бефарқ бўлмаган давлат раҳбарларининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари оптимал ечим излаб мулоқот қилиши керак. Иккинчи босқич айнан Саудияда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Учинчи босқич эса давлат раҳбарлари иштирокидаги глобал саммит кўринишида йил охиригача ўтказилиши мумкин.
Саудияда Украинадаги уруш мавзусида саммит ўтказилиши ҳақида биринчи бўлиб АҚШнинг Wall Street Journal нашри ёзди. Нашрга кўра, учрашув 5-6 август кунлари Жиддада ўтказилади. Саудия ва Украина саммитга 30 га яқин давлатларни таклиф қилган. Улар орасида Европа Иттифоқи етакчилари ва АҚШдан ташқари, Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия, Миср, Мексика, Чили ва Замбия ҳам бор.
WSJ’нинг ёзишича, шунга ўхшаш форматдаги Копенҳагенда ўтказилган учрашувда Украина, Европанинг бир неча давлатлари, Бразилия, Ҳиндистон, Туркия ва ЖАР вакиллари қатнашган. АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эса ўша учрашувда онлайн қатнашган.
Нега айнан Саудия Арабистони?
WSJ билан суҳбатлашган ғарблик дипломатлар айтишича, саммит ўтказиладиган жой сифатида Саудия Арабистонини танлаганлар саммитга Хитойни ҳам жалб этишга умид қилган.
Чунки Россия билан қалин муносабатда бўлган Хитой Саудия билан ҳам яхши алоқада бўлиб турибди. Масалан, Хитой анча вақтдан буён совуқ муносабатда бўлган Саудия ва Эронни яраштириб қўйишга муваффақ бўлганди.
АҚШ нашрининг ёзишича, Копенҳагендаги учрашувда хитойликлар бўлмаган. Улар Саудиядаги саммитда қатнашиши ҳақида ҳам хабар қилмаган. Аммо Хитойнинг бу учрашувга одам юборишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ўз навбатида, Саудия Арабистони ҳам охирги йилларда Россия билан яхши муносабатда эканини унутмаслик керак. Ўтган йил кузида айнан Саудиянинг «нейтрал аралашуви» сабаб Россия ва Украина ҳарбий асирлар (Медведчук ва азовчиларни) алмашишга келишганди.
Жорий йил май ойида Ар Риёдда ўтган Араб давлатлари лигаси учрашувида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этди. Ўшанда Зеленский билан учрашган Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон мамлакат Украина ва Россия ўртасидаги можаро тинч йўл билан ҳал қилиниши йўлида халқаро саъй-ҳаракатларни қўллашини билдирганди.
Ривожланаётган давлатларни саммит муҳимлигига қандай кўндиришади?
WSJ’нинг ёзишича, Саудиядаги саммит Россия ва Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари уруш масаласида нейтрал бўлган ривожланаётган давлатларни ўз ғояларига ишонтириш кураши кетаётган бир вақтда ўтказилмоқда.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий