Қозоғистонда математик мисолларга ҳуриб жавоб берадиган ит машҳур бўлди (видео)
Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида яшовчи Нургул лақабли ит ноодатий қобилияти билан маҳаллий аҳоли ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортди. У қозоқ тилидаги буйруқларни бажариши билан бирга, оддий математик мисолларга ҳам ҳуриш орқали жавоб беради.
AtyrauPress нашрининг ёзишича, итнинг эгаси Нурбол Камиев унга турли буйруқларни бажаришни ўргатган. Масалан, «икки қўшув бир неччига тенг?» деб сўралганда, Нургул уч марта ҳуради. Эгасининг айтишича, ит бешгача бўлган сонлар доирасидаги оддий мисолларга жавоб бера олади.
Нурбол Камиевнинг таъкидлашича, итни бундай кўникмага ўргатиш учун атиги 27 кун вақт кетган. Нургулнинг математик мисолларга жавоб бериш қобилияти эса дастлаб тасодифан аниқланган: эгаси унга «икки қўшув икки неччига тенг?» деб савол берганида, ит тўрт марта ҳурган.
Маълумотларга кўра, Нургул ҳужжатларда Никол деб қайд этилган ва япон акита-ину зотига мансуб. Уни тўрт йил аввал эгасига Санкт-Петербургдан совға қилишган.
Бугун Нургул Атирау аҳолисига яхши таниш. Уни кўчада учратганлар суратга ва видеога олади, ноодатий қобилиятларини томоша қилади. Эгаси эса итни кино суратга олиш таклифларига ҳам тайёр эканини билдирган.
Комментарии (0)