Америкалик нафақахўр бир йилда 1 207 та фильм томоша қилиб, Гиннес рекордини ўрнатди
АҚШнинг Пенсильвания штатида яшовчи 60 ёшли Гленвуд Хоскин кичик бир йил давомида кинтеатрларда 1 207 та фильм томоша қилиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. У шу тариқа аввалги рекорд — 777 та фильмни ортда қолдирди. Бу ҳақда Guinness World Records хабар берди.Гленвуд Хоскин 2024 йил апрелидан 2025 йил апрелигача Йорк-Хейвен шаҳридаги Regal кинотеатрида фильмлар томоша қилган. У кунига ўртача 3,3 та сеансга кирган. Бунинг учун эркак ҳар куни кинотеатр жадвалини олдиндан ўрганиб, эрталабдан ярим тунгача имкон қадар кўпроқ фильм кўришни режалаштирган.
«Уйдан ташқарига чиқиш менга жуда ёқарди. Бундан ташқари, ўз кучимни синаб кўриш ва олдимга мақсадлар қўйишни яхши кўраман. Мен тартибли инсонман, шу боис тайёргарлик ва режалаштириш жараёни ҳам завқ бағишлади», — дейди рекордчи.
Солиқ хизмати собиқ ходими бу натижага эришиш учун ойига тахминан 28 доллар турадиган Regal Unlimited обунасидан фойдаланган. Ушбу обуна унга кинотеатрда чекланмаган миқдорда фильм томоша қилиш имконини берган.
Хоскин харажатларни камайтириш учун овқатни уйда тайёрлаб, сеанслар оралиғида тановул қилган. Танаффусларда эса кинотеатр биноси ичида ва ташқарисида сайр қилиб, жисмоний фаоллик билан шуғулланган. У билан яқин муносабат ўрнатган кинотеатр ходимлари ва раҳбарияти ҳам кунлик жадвал тузишда, айниқса, қисқароқ фильмларни аниқлашда ёрдам берган.
Рекордчи томоша қилган фильмлари орасида «Ёввойи робот» («The Wild Robot») ва «Дэдпул ва Росомаха» («Deadpool & Wolverine») алоҳида ёққанини айтган. Унинг севимли жанрлари эса анимацион фильмлар ва комедиялар бўлган.
Гленвуд Хоскин шу тариқа бир йил ичида 777 та фильм томоша қилган америкалик Закария Своупнинг рекордини янгилади.
Комментарии (0)