< Украинада урушнинг 308-куни: Зарбалар остида ишлаётган шифокорлар ва разведкачилар » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Украинада урушнинг 308-куни: Зарбалар остида ишлаётган шифокорлар ва разведкачилар

Украинада урушнинг 308-куни: Зарбалар остида ишлаётган шифокорлар ва разведкачилар
Украинада урушнинг 308-куни ўтди. Асосий маълумотлар:


Волгоградда сафарбар қилинган эркакнинг рафиқаси ҳарбий прокуратурага шикоят қилиб, эрини «ДХР» ҳудудида «урушга боришдан бош тортганлар учун қамоқхона"да тутиб турилганини айтган.


Украинада Эрон камикадзе дронларини уриб тушира олувчи дронлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Володимир Зеленский Олий радага мурожаат йўллади. 52 дақиқа давом этган нутқи чоғида Украина президенти Россия билан ҳарбий низодан якуний мақсад — Украина ҳудудий яхлитлигини қайта тиклаш ва асирга тушганларни озод этиш эканини айтди.

Украина ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари сентябр ойидан буён 420 та ракета ҳамда 430 та камикадзе дронни уриб туширгани ҳақида маълум қилди.

Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг айтишича, Россия қўмондонлиги Креминна шаҳрини тарк этган. Ушбу шаҳар учун жанглар бир неча ойдан буён давом этаётганди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти ҳам Украина қуролли кучлари сўнгги кунларда ушбу йўналишда муваффақиятга эришганини қайд этган.

Челябинск областида сафарбар қилинганлардан бири ўз капитанини уриб ўлдирди. 23 декабр куни аскар поездда ўз бошлиғига ҳужум қилган — у воқеа жойида жон берган. Қурбон бўлган ҳарбий ҳам сафарбар қилинганлардан эди.

The Guardian маълумотига кўра, юзлаб украиналик болалар Россиядаги дам олиш лагерларидан қайта олмаяпти. Ота-оналар оккупация чоғида бу болаларни лагерларга юборишган, улар Россия ҳудудида эканида Украина армияси бу ҳудудларни озод этган. Энди лагерлар маъмуриятлари болаларни қайтаришдан бош тортмоқда.

Украиналик ҳарбийларнинг Беларус билан чегарадаги позициялари

13 декабр куни Беларусда армия тайёргарлигини тўсатдан текшириш бошланди. Аммо, Украина давлат чегара хизмати маълумотига кўра, чегарадаги вазият ўзгармаган. Украина чегарачилари спикери вазиятни шундай изоҳламоқда:

Украина учун бу амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди, биз Беларус билан чегарада мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаб келяпмиз, буни давом эттирамиз, чунки Украина ҳеч қачон Беларусдан такрорий босқин бўлиши ёки Беларус қўшинлари Россиянинг Украинага қарши бошлаган босқинига қўшилиши эҳтимолини истисно этмайди.

У шунингдек Украина томони чегара яқинида руслар ва беларусларнинг қанча қўшини тўплангани борасида аниқ маълумот йўқлигини қўшимча қилди. Ноябр ойи охирида Украина қуролли кучлари Бош штаби Беларус ҳудудида РФ армиясидан тахминан тўққиз минг киши жойлаштирилгани тўғрисида хабар берганди. Бундан ташқари, ноябр ойи ўрталарида Украина Беларус билан чегарада девор қура бошлади. Қуйида Украина қуролли кучларининг Житомир области ҳудудида Беларус билан чегарадаги позициялари акс этган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий