< Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди

Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди
Бугун Россия Украинада бошлаган ҳарбий ҳаракатларнинг бешинчи куни. Россия ҳарбий операциялари давом этар экан, учинчи жаҳон урушига доир таҳдидларнинг жиддий кучаяётгани кўзга ташланмоқда. Россияга нисбатан санкциялар кучайиши ортидан Президент Владимир Путин мамлакат ядровий кучларига масъул ҳарбий бўлинмаларни жанговар ҳозирлик ҳолатига келтиришга буйруқ берди. Айни пайтда Беларусь Украинага қарши урушга расман қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар юзага чиқди.

Украина Президенти Владимир Зеленский 27 февраль куни эрталаб вазият ҳақида украинларга ҳисобот берди. Бу чиқишида у конституциявий ўзгаришлар учун овоз бераётган Беларусь халқига мурожаат қилди. Украинага, хусусан, Киевга қилинаётган ҳужумларда Беларусь муҳим ўрин тутади. Пойтахтга ташланган рус ҳарбий техникасининг аксарияти Беларусь орқали кириб келаётгани, ракета зарбалари ҳам айнан Беларусдан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Уруш манзарасида эса кескин бурилиш кузатилгани йўқ. Россия қўшинлари уч кундирки Киевни забт этишга уринмоқда. Украина томонига кўра, шу уч кун давомида Россия Қуролли Кучлари ўта оғир талафотлар берган, бу эса айни пайтга келиб Киев учун жанглар шиддатини бир қадар сусайтирган. Рус ҳарбийлари артиллерия ва ракета зарбаларини йўллаш билан чекланишмоқда. 27 февраль кунги шиддатли жанглар Украинанинг бошқа бир йирик шаҳри Харковга кўчди. Айрим маълумотларда рус қўшинлари шаҳарни эгаллашгани айтилса, бошқа манбаларда Харков назорати учун жанглар шаҳар марказида давом этаётгани хабар қилинмоқда. Тунда пойтахт Киев яна ўққа тутилган. Харков, Одесса, Суми, Чернигов вилоятларида жанглар кечмоқда.

Урушнинг тўртинчи куни Россия қўшинларининг Киевни забт этиш режаси жиддий қаршиликка учраганини ҳам кўрсатди. Украина томони пойтахт остонасида рус қўшинлари тўхтатилгани, аксарият ракета зарбалари бартараф қилингани, ўнлаб ҳарбий техника, жумладан, яна бир ҳарбий самолёт уриб туширилганини маълум қилди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий