< Коронавирус: бўлажак пандемиялар хавфи ва Европада янги қоидалар » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Коронавирус: бўлажак пандемиялар хавфи ва Европада янги қоидалар

Коронавирус: бўлажак пандемиялар хавфи ва Европада янги қоидалар

Омикрон варианти иммун тизимида бўшлиқлар топиши мумкин ва катта эҳтимол билан бу штаммни қайта юқтириш ҳолатлари аввалгиларига қараганда икки баробар кўпроқ бўлади. Бўлажак пандемиялар ковиддан хавфлироқ бўлиши, вируснинг ўзи эса қайсидир шаклда одамзод билан абадийга қолиши мумкина. Дунёдаги пандемия билан боғлиқ сўнгги хабарлар.

Ўлимвор ковид
Oxford-AstraZeneca вакцинаси яратувчиларидан бири бўлажак пандемиялар аввалгиларига қараганда ҳалокатлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Профессор Сара Гилберт мавжуд вакциналар янги вариант омикронга қарши камроқ самарага эга бўлиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида огоҳлантириб, одамларни янги вариант яхшироқ ўрганилгунига қадар эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Сара Гилберт / Getty Images
«Бу инқироз охиргиси эмаслиги аниқ. Тўғрисини айтганда, кейинги вирус ёмонроқ бўлиши мумкин. У юқумлироқ, кўпроқ ўлим келтирувчи ёки униси ҳам, буниси ҳам бўлиши мумкин. Қўлга киритилган билимларни йўқотмаслигимиз керак», деб ҳисоблайди Гильберт хоним.
Омикрон варианти ҳақида гапириб, Гильберт унинг тиконли оқсилида вируснинг тарқалиш қобилиятини оширувчи мутациялар мавжудлиги ҳақида айтди.
Бироқ унинг сўзларига кўра, янги вариантда бошқа ўзгаришлар ҳам бор: улар вакциналар ёки коронавируснинг бошқа вариантлари билан касалланиш натижасида ҳосил бўлган антитанлар омикронга қарши камроқ самарага эга эканини англатиши мумкин.
Вакцина коронавируснинг енгил варианти олдини олишда у қадар самарали бўлмаса ҳам, у касаллик ва/ёки ўлимнинг оғир шаклидан ёмонроқ ҳимоя қилишини англатмайди.
Профессор келажакда гриппга қарши универсал вакцина ишлаб чиқилишини истисно этмайди.
Жорий йил бошида қиролича таваллуд куни муносабати билан хоним даражаси берилган Сара Гилберт Covid-19 илк марта Хитойда пайдо бўлганида, 2020 йил бошида коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишни бошлаганди.
Бугунги кунда Oxford-AstraZeneca вакцинаси бутун дунёда кенг қўлланади. Унинг дозалари 170дан ортиқ мамлакатга юборилган.
Getty Images
Омикрон иммун ҳимоядан қочиши мумкин
Омикрон иммун тизимидаги бўшлиқларни топа олишини кўрсатувчи илк маълумотлар Жанубий Африка олимлари томонидан эълон қилинди.
Олимлар коронавирус билан бир неча марта касалланган одамлар сони ўсишини қайд этишди.
Олимларнинг иши (ҳали қолган врачлар рецензия қилишмади) бу – янги вариант ҳақидаги биринча ва умумий таҳлил. Ҳисоб-китобларга кўра, янги вариант тез орада дельтани сиқиб чиқаради ва касалланишнинг асосий манбайига айланади.
Омикрон дунёнинг 40га яқин мамлакатида аниқланган. Коронавирус билан касаланган кишиларнинг янги вариантни юқтириб олиш эҳтимоли қай даражада юқори экани ҳозирча тушунарсиз.
Олимлар пандемия даврида қайта касалланиш кўрсаткичи (икки ёки ундан кўп)даги ўзгаришларни топиш учун Жанубий Африкада қайта касалланиш билан боғлиқ қарийб 36 минг ҳолатни таҳлил қилишди.
Улар бета ва дельта вариантлари авж олган пайтда лаборатория тадқиқотлари ушбу вариантлар иммун тизими ҳимоясини четлаб ўтиши мумкинлигини кўрсатганига қарамай, қайта касалланиш хавфи кескин ортмаганини таъкидлашди.
Бироқ ҳозир қайта юқтириш авж олаётгани кундек равшан. Олимлар ҳар бир беморни бевосита омикрон учун тестдан ўтказишмади. Бироқ қайта касалланиш авж олаётгани айнан у туфайли. Чунки қайта юқтириш ҳолатлари вақт бўйича янги вариант пайдо бўлишига тўғри келди.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, омикронни қайта юқтириш эҳтимоли аввалги вариантларга қараганда икки марта кўпроқ.
Бироқ иммунитетнинг заифлашуви вируснинг янги авж олишида омил ҳисобланиши, бу вируснинг янги варианти билан касалланишнинг ўсишига олиб келиши мумкинлиги ҳали аниқ эмас.
Бундан ташқари, Жанубий Африкада ОИВ билан касалланганлар сони юқори. У иммунитет тизимини сусайтиради, бу эса дунёнинг қолган қисми учун натижаларни шарҳлашни қийинлаштиради.
Омикрон антитанага қай даражада ҳужум қилишини кўрсатувчи лаборатор тадқиқотлар келаси ҳафтада натижа бериши кутилмоқда.
Getty Images
«Коронавирусли рухсатнома»: Европада янги қоидалар
Италия эмланмаган кишилар учун янги қоидаларни жорий этиб, коронавирусга қарши чораларни кучайтирди.
Бу ерда эндиликда вакцина олганлар ва яқинда касалликдан тузалганларгина театр, кинотеатр, концерт майдончалари ва йирик спорт тадбирларига бориши мумкин. Вакцина олганликни тасдиқловчи «яшил карточка»ни эндиликда меҳмонхоналар ва маҳаллий жамоат транспортида юриш вақтида кўрсатиш керак бўлади.
Янги чоралар камида январь ойи ўртасигача амал қилади. Октябрь ойи ўртасидан бошлаб Италияда касалланиш даражаси аста-секин ўсиб бормоқда. Европанинг бошқа мамлакатлари қиш фасли яқинлашгани сари инфекциялар сони ортишига жавоб тариқасида ана шу каби чораларни кўра бошлади.
Ноябрда Австрия ҳукумати эмланмаганлар учун изоляция жорий этганди.
Германияда мамлакатнинг янги раҳбарияти эмланмаган кишиларга кўплаб жамоат жойларига боришни тақиқлашда ҳақида келишиб олди. Греция эса ҳалигача эмланмаган, 60 ёшдан катта бўлган барча учун 100 евро ҳажмида ойлик жарима ҳақида эълон қилди.
«Коронавирус доим биз билан»
Пол Ҳантер / Getty Images
Шарқий Англия университети юқумли касалликлар бўйича эксперти, профессор Пол Ҳантер BBC’га берган интервьюсида бир неча ҳафта давомида омикрон коронавируснинг Буюк Британиядаги етакчи вариантга айланишини тахмин қилди.
«Омикрон дельта вариантга қараганда тезроқ тарқалмоқда», дейди у Жанубий Африкада касалланиш ҳолатлари тез ўсаётганига ишора қилиб.
Ҳантернинг ҳисоб-китобларига кўра, Буюк Британияда омикрон билан боғлиқ 1000дан ортиқ ҳолатлар рўйхатга олинган. Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги расмий маълумотларига кўра, ҳозирча 246та ҳолат тасдиқланган.
Буюк Британия бугун пандемия бошланишига яқин турибдими, деган саволга жавоб берар экан, профессор бу фикрга тўлиқ қўшилмаслиги, бироқ вирус биз билан қолишини тахмин қилишини айтди.
«Ўйлайманки, вирус абадий мавжуд бўлади. Биз коронавируснинг сўнгги авж олиши 130 йил аввал юз берган деб ўйлаймиз, бу вирус ҳали ҳам циркуляция қилади, биз уни мунтазам – ҳар уч-беш йилда юқтирамиз, у асосан шамоллашни чақиради. Эҳтимол, пандемия айнан шундай ривожланади, шунинг учун коронавируснинг янги вариантлари билан бир неча марта касалланамиз, бироқ умуман олганда, у шамоллашнинг яна бир сабабига айланади», дейди Ҳантер.
У кейинги мутациялар олдини олиш учун дунёдаги ҳар бир заиф киши учун вакцина олишни таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди. Аммо ҳозирча бундай бўлмади, сайёра аҳолисининг катта қисми эмланмаган.
REUTERS
Коронавирус безгакдан ўлиш кўрсаткичини оширди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишча, 2020 йилда пандемияда профилактика ва даволашдаги узилишлар туфайли безгак билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари кўпроқ қайд этилди. ЖССТ безгакка бағишланган ҳар йиллик маърузасида 2020 йилда безгак билан касалланиш ҳолатлари бир йил аввалги кўрсаткичга қараганда 14 миллионга кўп бўлганини маълум қилди. Мазкур касалликдан ўлим ҳолатлари ҳам 69 минг кишига ортди.
Коронавирус бутун дунёдаги соғлиқни сақлаш тизимига таъсир кўрсатди. Безгак эндемик касаллик саналган мамлакатларда коронавирус туфайли жорий этилган чекловлар чивинга қарши тўрларнинг етказиб берилиши кечикишига олиб келади. Айрим беморлар эса даволаш муолажаларини кечиктиришади.
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда безгак туфайли юзага келган қўшимча ўлим ҳолатларининг қарийб 70 фоизи пандемия оқибатлари – профилактика ва даволаш режимига амал қилмаслик сабаб юзага келди.
ЖССТ 2020 йилда Африкада безгакдан ўлим ҳолатлари икки марта ортади, деган хавотирда эди. Бироқ кўплаб мамлакатлар томонидан қабул қилинган тезкор чоралар унинг олдини олишга ёрдам берди.
Шунга қарамай, узоқ муддатли тенденция хавотир уйғотмоқда: 2017 йилдан бери безгакни йўқ қилиш бўйича муваффақиятли натижалар тўхтаб қолди, 2010 йилдан бери етти йил давомида сезиларли камайишдан кейин касалланиш ва ўлим ҳолатлари ҳали ҳам аввалги кўрсаткичда қоляпти.
Пандемия – касалликни бутунлай йўқ қилиш йўлидаги яна бир тўсиқ. ЖССТ ҳукуматларни безгакка қарши ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирмоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий