< Нурсултонда шаҳарнинг барча асосий объектлари номи сақлаб қолинади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Нурсултонда шаҳарнинг барча асосий объектлари номи сақлаб қолинади

Нурсултонда шаҳарнинг барча асосий объектлари номи сақлаб қолинади
Қозоғистон пойтахти Астана мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номланаётган бўлса-да, шаҳардаги барча асосий объектлар ўз номини сақлаб қолади. Бу ҳақда мамлакат Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Даурен Абаев маълум қилди.
«Астана Опера», «Астана-Арена», спорт клублари, «Астана» телеканали ва шу каби шаҳарнинг бошқа барча асосий объектлари номи ўзгармай қолади. Биз, шунингдек, «Астана» халқаро брендини ҳам сақлаб қоламиз. Мисол сифатида Халқаро молия маркази, «Эйр Астана» авиакомпанияси, «Астана» веложамоаси, «Астана Арланс» спорт жамоасини келтиришимиз мумкин. Уларнинг барчаси ўз номида қолади.
Шу тариқа, биз бутун дунёга машҳур «Астана» брендини сақлаб оламиз. Шу билан бирга, катта потенциалга эга янги «Нурсултон» брендини ривожлантирамиз», – деди Абаев «Очиқ диалог» кўрсатуви эфирида.
Маълумот учун, «Астана» футбол клуби Қозоғистон чемпионатининг охирги бешта мавсумидан буён кетма-кет чемпионликка эришиб келмоқда. Клуб ижрочи директори Пол Эшуортнинг ҳисоблашича, жамоа номини сақлаб қолиш тўғри қарор бўлган.
«Клубимиз тарихий анъаналар асосига қурилган. Бор-йўғи 10 йиллик тарихи бўлса-да, мана шу йиллар давомида у мўъжизавий ишларни амалга оширди ҳамда Европа ва жаҳон футболида довруғ қозонди.
Шаҳар номи собиқ президентга ҳурмат белгиси сифатида ўзгартирилган бўлса-да, мен клуб номи ўзгармай қолишини тўғри қарор, деб биламан. Кўплаб жамоаларнинг номи улар жойлашган шаҳар номи билан бир хил эмас: «Астон Вилла» (Бирмингем) ва яна бошқа кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шундай экан, клубнинг номи шаҳарникидан бошқача бўлиши нотабиий ҳолат эмас», – деди Эшуорт «Чемпионат.com» билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, 19 март куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқишини эълон қилди. 20 март куни Сенат раиси Қосим-Жомарт Тоқаев қасамёд қилиб, мамлакат президенти лавозимига киришди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий