Россия шаҳарларида яна намойишлар ва қўлга олишлар. ТИВ Вашингтонни айблади
Бугун, 31 январь куни Россиянинг кўплаб шаҳарларида қамоқдаги сиёсатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш акциялари бўлиб ўтди. Намойишлар айниқса Москва ва Петербургда кенг кўламли бўлди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бўлиб ўтаётган намойишларда АҚШни айблаб чиқди. «АҚШ Россия ички ишларига аралашиши интернетда рухсат этилмаган намойишларга чорловчи чақириқларни «айлантириши» билан ҳам исботланди. Бу Россияга қарши режалаштирилган иш эканига шубҳа йўқ. Суверен мамлакатнинг ички ишларига аралашишни тўхтатишларини талаб қилган ҳолда бу учун жавобарлик борлигини эслатамиз», дейилган Россия ТИВ баёнотида.АҚШнинг Россиядаги элчихонаси намойишлар вақтида кўплаб одамлар қўлга олинаётганидан хавотирда эканини маълум қилиб, Facebook'даги саҳифасида шундай пост қолдирди: «Алексей Навальнийни қўллаб ўтказилаётган намойишларда Россия ҳукумати кўплаб фаоллар ва журналистларни қўлга олди. Россияни инсон ҳуқуқлари талабини бажаришга чақирамиз».
Россия ТИВ бу постга ҳам муносабат билдирди. «Сиз жон куйдириб оқлаётган намойишлар ноқонуний ҳисобланади. Бунақа ишларда Американинг ўзида нима қилишларини биласизми? Одамларга ўқ узишади. Иккиюзламачилик сизнинг ҳаёт тарзингизга айланган, десак бўларкан-да?», дейилган Россия ТИВ изоҳида.




Алексей Навальнийнинг хотини Юлия ҳам намойишлар чоғида қўлга олиниб, бошқармага олиб кетилган.

Россия вақти билан соат 18:00да Петербургда намойишлар тўхтагани эълон қилинди. Бу вақтга келиб Москвадаги намойишлар сабаб ёпилган 11та метро станцияси ҳам очилди. Хусусан, Кремль яқинидаги бекатлар ҳам ёпилганди ва улар Москва вақти билан соат 18:00дан фаолиятини тиклади.
Москва милицияси вакиллари «Матросская тишина» тергов ҳибсхонаси олдини айниқса жиддий қўриқлашди. Чунки у ерда Алексей Навальний сақланмоқда. Ҳибсхона яқинида кўплаб намойишчилар қўлга олинган. Намойишчилар ОМОН зобитларига «Биз душман эмасмиз» деб бақиришди.
Навальний қўлга олингач, унинг Владимир Путиннинг 1 миллиард долларлик саройи борлиги ҳақида суриштируви эълон қилинди. Суриштирув жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди ва Путин бу саройни ҳеч қачон кўрмаганини айтди. Кейинроқ Владимир Путиннинг яқин дўсти экани айтиладиган Аркадий Ротенберг сарой ўзига тегишли эканини «ортиқ сир тутмоқчи эмаслигини» айтиб, баёнот берди.
Комментарии (0)