Арманистон ва Туркия 33 йиллик қарама-қаршиликка нуқта қўйиш арафасидами?
Ереван ва Анқара ўртасидаги муносабатларда янги босқич бошланиши мумкин. Арманистон бош вазири Никол Пашинян икки давлат дипломатик алоқалар ўрнатиш ва узоқ йиллардан бери ёпиқ турган умумий чегарани тўлиқ очишга жуда яқин эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, сўнгги учрашувлар ва савдо соҳасидаги ўзгаришлар муносабатларни нормаллаштириш учун жиддий замин яратмоқда.
Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар йиллар давомида минтақадаги энг мураккаб дипломатик масалалардан бири бўлиб келди. Бироқ сўнгги пайтларда икки мамлакат ўртасидаги мулоқот фаоллашиб, иқтисодий ҳамкорлик ва чегараларни очиш борасидаги музокаралар янги суръат олди.
Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг 14 ноябрь куни Дублиндаги Халқаро ва Европа ишлари институтида билдирган фикрлари эса бу жараёнда муҳим бурилиш бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Пашинян: «Биз якуний қадамга жуда яқинмиз"Пашиняннинг айтишича, сўнгги йилларда Арманистон ва Туркия муносабатларида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берган. У икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ҳали расман ўрнатилмаган бўлса-да, амалдаги вазият аввалгидан анча фарқ қилишини таъкидлаган.
Бош вазир савдо алоқаларини бунга мисол сифатида келтирди. Ҳозирда Туркия Арманистондан экспорт қилинадиган ва мамлакатга импорт қилинадиган айрим маҳсулотлар учун ўз йўлларидан фойдаланиш имконини бермоқда. Гарчи товарлар икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри қуруқлик чегараси орқали эмас, балки Грузия ҳудуди орқали ташилаётган бўлса-да, Пашинян буни муносабатлардаги реал ўзгариш сифатида баҳолади.
«Мен яқин келажакда Туркия билан муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга эришишимизга ишонаман», — дея таъкидлаган Арманистон ҳукумати раҳбари.
Унинг фикрича, томонлар энди энг муҳим босқич — дипломатик муносабатларни расмийлаштириш ва чегараларни тўлиқ очиш масаласига яқинлашган.
Эрдўған билан учрашув қандай натижа берди?Пашинян ўз баёнотида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан яқинда ўтказилган учрашувга ҳам алоҳида тўхталди.
Икки давлат раҳбари 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида, БМТнинг COP31 иқлим саммити доирасида музокара ўтказган эди. Арманистон ҳукумати тарқатган расмий маълумотга кўра, учрашувда икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш жараёнини мантиқий якунига етказиш муҳимлиги таъкидланган.
Шунингдек, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақадаги транспорт-коммуникация йўналишларини очиш масалалари муҳокама қилинган.
Пашинян ушбу учрашувни ижобий баҳолаган. Унинг таъкидлашича, икки мамлакат раҳбарлари муносабатларда эришилган натижаларни қайд этиб, кейинги қадамларни ҳам муҳокама қилган.
Бу учрашувнинг аҳамияти шундаки, гап фақат сиёсий баёнотлар ҳақида эмас. Томонлар савдо, транспорт ва минтақавий ҳамкорлик каби амалий масалаларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.
Нега икки давлат чегараси 33 йилдан бери ёпиқ?Арманистон ва Туркия ўртасидаги қуруқлик чегараси 1993 йилдан бери ёпиқ. Ўша вақтда Туркия Тоғли Қорабоғ можароси фонида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, Арманистон билан чегарани ёпишга қарор қилган эди.
Шундан буён икки мамлакат ўртасида расмий дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган. Гарчи 2009 йилда муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган протоколлар имзоланган бўлса-да, улар ратификация қилинмади ва келишувлар тўлиқ амалга ошмади.
2021 йил охиридан бошлаб эса Ереван ва Анқара муносабатларни тиклаш бўйича янги музокара жараёнини бошлади. Махсус вакиллар тайинланди, турли учрашувлар ўтказилди ва айрим амалий қадамлар ташланди.
2026 йилда савдо йўналишидаги чекловларни юмшатиш ҳам муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Бироқ бу чоралар чегара тўлиқ очилгани ёки дипломатик муносабатлар ўрнатилганини англатмайди.
Комментарии (0)