< Афғонистонда эркак шифокорларга аёлларни даволаш тақиқланмоқда, ҳатто шошилинч ҳолатларда ҳам » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Афғонистонда эркак шифокорларга аёлларни даволаш тақиқланмоқда, ҳатто шошилинч ҳолатларда ҳам

Афғонистонда эркак шифокорларга аёлларни даволаш тақиқланмоқда, ҳатто шошилинч ҳолатларда ҳам
Афғонистонда «Толибон» муваққат ҳукумати эркак шифокорларга аёл беморларни маҳрамсиз кўрикдан ўтказиш ва даволашни тақиқламоқда. Чекловлар ҳатто шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатларига ҳам тааллуқли. Талабни бузган шифокорлар қамоққа олиниши, клиникалар эса текширув ва рейдларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда The Guardian нашрининг қўшма суриштирувида хабар берилди.
Журналистлар Афғонистоннинг турли ҳудудларида яшовчи аёллар, шифокорлар ва тиббиёт муассасалари ходимлари билан суҳбатлашган. Уларнинг айтишича, «Толибон"нинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги эркак стоматологларга аёл беморларни даволашни тақиқловчи кўрсатмалар берган. Бундай чеклов расман эълон қилинмаган бўлса-да, мамлакатнинг турли вилоятларида амалда қўлланмоқда. Талабни бузган шифокорларни қамоққа олиш билан таҳдид қилиш, клиникаларда рейдлар ўтказиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Хусусан, Ҳирот шаҳрида яшовчи 37 ёшли Фарида исмли аёл тишларини даволатиш учун хусусий клиникага мурожаат қилган. У бир неча марта муолажа олган ва даволаниш харажатларини олдиндан тўлаган. Бироқ имплант ўрнатилиши керак бўлган навбатдаги ташрифи вақтида клиника ходимлари муолажани давом эттира олмаслигини билдирган.
Шифокорлар бунга эркак стоматологларга аёл беморларни даволаш тақиқлангани сабаб бўлганини тушунтирган. Орадан уч ой ўтган бўлса-да, Фариданинг даволаниши якунланмаган.
Афғонистон шимолидаги давлат шифохоналаридан бирида 15 йилдан бери ишлаётган жарроҳ Сами́мнинг айтишича, эркак шифокорларга аёлларни бевосита кўрикдан ўтказиш тақиқланган. Беморнинг аҳволи оғир ёки муолажа оддий бўлишидан қатъи назар, бу талаб ўзгармайди. Айрим ҳолларда даволаниш учун аёлнинг ёнида маҳрами бўлиши ёки муолажанинг муайян қисмини аёл ҳамшира бажариши талаб этилади.
Чекловлар бошқа соҳаларга ҳам тарқалган. Балх вилоятида 2026 йил май ойида шифохоналар, хусусий клиникалар ва тиббиёт муассасаларига аёл беморларни исми билан чақирмаслик, уларнинг ўрнига «Биби» сўзидан фойдаланиш ҳақида кўрсатма берилгани хабар қилинган. Бу талаб тиббий рецептларга ҳам тааллуқли экани айтилган.
Шунингдек, 2024 йил декабридан бошлаб афғонистонлик аёлларнинг тиббиёт институтларида таҳсил олиши ҳам тақиқланган. Журналистлар билан суҳбатлашган шифокорларнинг айтишича, шифохоналарга аёл ходимларни ишга қабул қилмаслик бўйича ҳам кўрсатмалар берилган. Фаолият юритаётган айрим аёл шифокорлардан эса иш жойига маҳрам билан келиш талаб қилинмоқда.
Оқибатда афғонистонлик аёллар малакали тиббий ёрдам олишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Айримлари даволаниш имкониятини тополмай, касаллик билан яшашга мажбур бўлса, бошқалари малакаси етарли бўлмаган тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш хавфи остида қолмоқда.
Қайд этиш жоизки, 2026 йил февраль ойида «Толибон"нинг алоқа вазири Ҳамдуллоҳ Номони эркак шифокорлар аёл беморларни даволаш вақтида улар учун маҳрам ҳисобланишини билдирган эди. Бироқ The Guardian суриштирувида келтирилган шифокорлар ва беморлар ҳикоялари амалдаги вазият бу баёнотга мос келмаслигини кўрсатмоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий