Грузияда Саакашвили партиясини сайловларга қўймасликка қарор қилинди
Грузиянинг ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси собиқ президент Михаил Саакашвилининг партиясини сайловларда иштирок этиш имконидан маҳрум қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳукмрон партия ижрочи котиби Ираклий Кобахидзенинг таъкидлашича, Саакашвили мамлакатдаги қутбланишнинг бош манбаси ҳисобланади ва мамлакат учун муаммолар туғдирмоқда. “Михаил Саакашвили конституцияда сайловларга қўйилган иккита талабга тўғри келмайди – у Грузия фуқароси ҳисобланмайди ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган”, деб эслатиб ўтган Кобахидзе.Шу сабабли “Грузия орзуси” томонидан етакчилари сайлов қонунчилигига мувофиқ келмайдиган партияларга сайловларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда.
“Бу ўзгаришлар конституциявий талабларнинг нафақат тегишлича бажарилишини таъминлайди, балки Грузия демократиясининг равон ривожланишига катта ҳисса қўшади”, деб айтган партия котиби.
Грузияда 31 октябрда парламент сайловларининг 1-тури бўлиб ўтганди. Унда “Грузия орзуси” 48 фоиз овоз олган. Таркибига Саакашвилининг “Умумий миллий ҳаракат” партияси кирувчи мухолифат блоки “Куч бирликда” 27,12 фоиз билан 2-ўринни эгаллаган. 2-турда эса “Грузия орзуси” вакиллари барча сайлов участкаларида ғалаба қозонган ва уларнинг ҳар бири 85 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган.
Комментарии (0)