«Чекинадиган жойимиз йўқ»: Лукашенко кучишлатар тузилмаларни кескин чоралар кўришга чақирди
Лукашенконинг сўзларига кўра, Беларусь мухолифати белгиланган «қизил чизиқни кўп йўналишларда кесиб ўтди».
Беларусь президенти Александр Лукашенко ИИВ жамоаси билан учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини намойишчиларга қарши кескинроқ муносабатда бўлишга чақирди, деб хабар бермоқда БелТА.«Бугундан бошлаб, айниқса, фуқаролар яшириниб олган хонадонларда ҳеч кимни асирга олмаймиз. Агар кимда-ким ҳарбийларга қўл тегизса, у камида қўлсиз қолади. Қатъийлигимизни барча тушуниши учун буни омма олдида айтяпман. Буёғига – тамом. Чекинадиган жойимиз йўқ ва чекинмоқчи эмасмиз», — деди Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, Беларусь мухолифати белгиланган «қизил чизиқни кўп йўналишларда кесиб ўтди».
Аввалроқ Лукашенко халқ дружиналарини собиқ ҳарбийларни жалб этиш ҳисобига кучайтириш кераклигини айтганди.
«Халқ дружиналари ишлаши керак. Охир-оқибат улар ҳаракатга келиши ва ҳимоя қилишлари лозим. Мамлакатни ҳимоя қилмасин, уни биз — генераллар ва бошқалар, омончилар, ички қўшинлар, армия — ҳимоя қиламиз. Ўз уйларини ҳимоя қилишсин», — деганди Лукашенко.
ИИВнинг хабарига кўра, ўтган якшанба куни ўтказилган норозилик намойишларида 500дан ортиқ киши қўлга олинган. Минскда намойишчиларга қарши ёруғлик-шовқин гранаталари қўлланилган. Намойишчилар таъқибдан қочиб хонадонларга яширинишга уринишган, аммо махсус кучлар ичкарига кириб уларни қўлга олди, деб ёзди Tut.by.
29 октябрь куни Александр Лукашенко мамлакат ички ишлар вазирлигига янги раҳбар тайинлади. Бу лавозимни шу вақтга қадар Минск ИИББ раҳбари бўлиб ишлаган Иван Кубраков эгаллади. Сўнгги бир йилдан ошиқ вақт давомида ИИВ раҳбари бўлган Юрий Караев президент ёрдамчиси - Гродно области бўйича инспектор этиб тайинланди.
Комментарии (0)