Минскда 150 минг кишилик яна бир митинг бўлиб ўтди. Лукашенко қароргоҳига автомат билан келди
23 август куни Минскда Александр Лукашенконинг президентликдан кетишини талаб қилиб навбатдаги йирик намойиш ўтказилди — унда 150 мингга яқин киши иштирок этган. Намойишчилар Мустақиллик майдонида йиғилиб, шаҳар марказидан марш қилиб ўтишган ва Мустақиллик саройига — президент қароргоҳига йўл олишган. Бу ерда уларни милиция занжири тўхтатган.

Минскда Александр Лукашенкога қарши янги акция ўтказилди. RT ва Белтелерадиокомпания маълумотларида унда 20 минг киши иштирок этган, «Медуза» баҳосига кўра эса — 150 минг киши (бир ҳафта олдинги Беларусь тарихидаги энг йирик акцияда Минскнинг 200 минг аҳолиси қатнашганди). Намойишчилар Мустақиллик майдонида йиғила бошлашди, кейин «Минск — қаҳрамон-шаҳар» ёдгорлиги томон юришди. Мемориал тиканли симлар ортида жойлашган ҳарбий хизматчилар билан ўраб олинганди: Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин армия Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорликни қўриқлашини маълум қилганди. Акциянинг айрим иштирокчилари солдатларга яқин келишди, аммо Виктор Бабариконинг штаби вакили Мария Колесникова ва Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова улардан ортга қайтишни сўрашди.

Намойишчиларнинг бир қисми Мустақиллик саройига — Александр Лукашенконинг ишчи қароргоҳига етиб боришди. Телеграмдаги Nexta канали уларни шунга чорлади. Аммо қароргоҳ томон яқинлашган бир неча минг киши ИИВ ходимлари ва махсус техникалардан иборат ҳалқа томонидан тўхтатилди. Намойишчилар ва ҳарбийлар ўртасида мусиқачилар қўшиқ айтишди, намойишчилар уларга жўр бўлишди. Бу вақтда Минскда интернет фаолиятида муаммолар кузатила бошлади (A1 оператори буни «давлат органларининг миллий хавфсизликни таъминлаш» билан боғлиқ талаби сифатида изоҳлади). Тахминан бир соат вақт ўтиб намойишчилар шаҳар марказига қайтишди ва кейин аста-секинлик билан тарқала бошлашди. Шундан сўнг қароргоҳ атрофидаги ҳалқа ҳам ечилди, намойишчиларни қўлга олиш ҳолатлари кузатилмади.

Президент матбуот хизмати Лукашенко тасвирланган яна бир неча видеони намойиш этди. Улардан бирида президент намойишчиларни каламушларга тенглаштирган. Видеода Лукашенко вертолётда ўтириб, намойишчилар ҳаракатини кузатаётгани тасвирланган. У вертолёт намойишчилар тўпланган Ғолиблар проспектига қараб шундай дейди: «Каламушдек қочишяпти». Кадр ортида шундай мулоқот давом этади: «Улар қаерда?» — «Қочишди. Улар сен бораётганингни билишди». Бундан билиш мумкинки президент ўғли Николай Лукашенко билан гаплашган.
«Пул Первого» тарқатган яна бир видеода Лукашенко Мустақиллик саройи атрофини ўраб турган ҳарбийлар олдига бориб, уларга миннатдорчилик билдиради. «Йигитлар, раҳмат сизларга! Ажойибсизлар! Биз улар билан шуғулланамиз», — дейди Лукашенко. «Биз охиригача сиз биланмиз», — дея жавоб қайтаради ҳарбийлар.
Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонт намойишчилар Мустақиллик саройини қамал қилмоқчи бўлишгани, аммо улар қўрқиб кетиб қочиб қолишгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Лукашенко кун давомида Мустақиллик саройидаги марказда ишлаган; унинг ёнида 15 ёшли ўғли Николай бўлган. «Митингчилар дейилаётган одамлар келишганида ва ўзига хос қамал учун ҳаракат бошлашганида давлат раҳбари ҳам бино ичида эди. Кейин, айтиш мумкинки, митингчиларнинг жасорати узоққа бормади. Нима бўлиши мумкинлигини кўришгач, бу одамлар дарҳол ортга бурилишди ва қоча бошлашди», — деган Эйсмонт. У шундан сўнг Лукашенко вертолёт чақиргани ва шаҳарни айлангани, кейин Мустақиллик саройига қайтиб, бинони қўриқлаган хавфсизлик хизмати ходимларига миннатдорчилик билдирганини қўшимча қилган.


Комментарии (0)