Дунёдаги вазият: коронавирус юқтирганлар сони 20 миллиондан ошган, Грецияда янги чекловлар
Сешанба куни дунё бўйлаб коронавирус юқтирганлар сони 20 миллиондан ошиб кетди, Трамп карантин туфайли фуқароларнинг АҚШга қайтишни чеклаши мумкин, Греция чегарани кесиб ўтишда Covid тестини талаб қилади, Россия эса коронавирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани рўйхатга олди.
Фото: SOPA IMAGESСайёрада Covid-19 ташхиси тасдиқланган беморлар сони ошиб, Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, жами зарарланиш ҳолатлари сони 20 миллиондан ошди. Пандемия бошидан бери касалликдан 736 мингдан ортиқ киши инсон вафот этган.
Университет ҳисоб-китобларни дунё мамлакатлари хисоботларини қабул қилувчи ЖССТ маълумотларига асосан олиб боради. Сайёра бўйлаб беморлар ва вафот этганларнинг ҳақиқий сони сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин.
Вирус янада тез тарқалмоқда
Дунёда коронавирус тарқалиш суръати жадаллашмоқда. Май ва июнь ойи оралиғида беморлар сонининг 5 миллиондан 10 миллион нафарга етиши 38 кун ичида содир бўлганди. 15 миллионлик довон яна тезроқ - 24 кун ичида босиб ўтилди. 15 миллиондан 20 миллионга етиш учун 20 кун кифоя қилди.
Европанинг бир неча давлатлари ва айниқса Франция ва Испанияда кунлик касалланишлар ҳолатларида ўсиш қайд этилмоқда. Энг оғир вазият Испанияда рўй бермоқда, аммо у ерда вирус тарқалиши ортиши шимоли-шарқий провинцияларда кузатилмоқда, давлатнинг бошқа қисмларидаги вазият у қадар хавотирли эмас.
Бундан ташқари, Испанияда сўнгги бир кун ичида касалланиш ҳолатлари кескин кўтарилиши қайд этилди - ўтган жумадан бери 1400дан ортиқ янги бемор ва 73та ўлим ҳолати. Бу сўнгги ойларда мамлакатда кузатилган энг ёмон ҳолатдир.
Париж ва Франциянинг бошқа шаҳарларида энди ниқобларни нафақат бино ичида, балки кўчада ҳам тақиш мажбурий. Французлар ҳукумати 5 минг кишидан ортиқ одам қатнашадиган тадбирларга қўйилган чеклов муддатини 30 октябргача узайтирди. Бош вазир Жан Кастекснинг сўзларига кўра, Францияда коронавирус билан боғлиқ вазият сўнгги икки ҳафта ичида ёмон томонга ўзгарган.
Грецияда вирусдан зарарланиш кўрсаткичи кескин ошганидан сўнг янги чекловлар киритилди: Испания, Бельгия, Швеция, Нидерландия ва Чехиядан келувчи саёҳатчилар Грецияга киришда коронавирусга тест натижасини тақдим этиши шарт. Туристлар орасида машҳур шаҳар ва оролларда ҳукумат ресторан ва барлар тун ярмига бориб ёпилиши кераклигини талаб қилмоқда.
АҚШ дунёда касалланиш кўрсаткичлари бўйича етакчиликни сақлаб турибди - 5 миллиондан ортиқ бемор ва 163 мингдан ортиқ ўлим ҳолати.
New York Times газетаси хабар беришича, Дональд Трамп ҳукумати коронавирус билан касалланганларни мамлакатга киритмаслик масаласи устида иш олиб бормоқда.
Бу ташаббус тафсилотлари деярли номаълум. Газетанинг таъкидлашича,Оқ уй тегишли фармон лойиҳасини текшириш учун федерал идораларга юборган. Washington Post ҳам шу ҳақида ёзади: вазирликлар ўз шарҳларини келгуси сешанба кунига қадар беришлари керак.
Журналистларнинг таъкидлашича, «агар коронавирус билан касалланган деб тахмин қилиш учун жиддий сабаблар мавжуд бўлса» АҚШ фуқароси ёки резидентига кириш тақиқланиши мумкин. Худди шу ҳужжатда айтилишича, фармонда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми кўзда тутилиши керак.
АҚШ расмийлари New York Times хабарига изоҳ бермади.

Коронавирус антирейтингида АҚШдан кейинги ўринда ҳудудида уч миллион зарарланиш ҳолати қайт этилган Бразилия бормоқда. Минтақадаги энг кўп шикастланган иккинчи мамлакат - Мексикада аҳвол яхшироқ. У ерда тахминан 500 минг касал бор.
Лотин Америкаси ва Кариб денгизида коронавирус ҳолатлари дунёнинг бошқа қисмларига қараганда тезроқ ўсмоқда. Bloomberg агентлиги июль ойи бошидаёқ Лотин Америкасининг дунё миқёсидаги ташхислардаги улуши ўсиб бораётгани ва сайёра бўйлаб коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг қарийб 51 фоизи Лотин Америкасига тўғри келаётганини қайд этганди.
Бразилиядан кейинги ўриндаги Ҳиндистонда ҳам эпидемиологик вазият тез оғирлашиб бормоқда. Сўнгги кун давомида мамлакатда 64 мингта янги ҳолат қайд этилди. Умумий рақамлар қарийб 2,3 миллионга етди.

Ҳиндистонда Covid-19 сабаб бўлган ўлимлар сони нисбатан паст, аммо вирус жуда тез тарқаляпти. Атиги 20 кун ичида ушбу касалликка чалинганлар сони бир миллиондан икки миллионгача кўпайди.
Британия расмийлари карантин туфайли ишсизликнинг рекорд даражада ўсишини қайд этди. Миллий статистика бюроси охирги чоракда ишсизлар сони 220 мингга ошганини хабар қилди.

Ишсиз ва нисбатан кам маошлиларга тўланувчи универсал кўмак олувчи британияликлар сони июль ойида 2,6 миллионга ёки март ойига қараганда 117 фоизга кўпайди.
Шу вақт ичида Россияда дунёдаги илк коронавирус вакцинаси расмий равишда тақдим этилди. Бу ҳақда президент Владимир Путин сешанба кунги ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Россия «дунёдаги илк вакцина»ни рўйхатдан ўтказди. Путин синовда қизи ҳам қатнашганини айтди
Аввалроқ, Ғарб экспертлари ва ЖССТ Россия вакцинасига шубҳа билдиришган эди. Хусусан, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи конгресс эшитувларида Россия ва Хитойда вакцина синовлари тўғри ўтказилганига шубҳа билдирди. Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Россияни эмлашга шошилмасликка чақирди ва россиялик олимларнинг иши натижаларига шубҳа билдирди.
Австралиянинг шимолий ҳудудлари қолган штатлардан ажратилган. Сешанба куни маҳаллий ҳокимиятлар коронавирус тарқалган бошқа штатлардан келувчиларга ўз чегараларини камида 18 ой давомида очмаслигини маълум қилди.
Австралия иккинчи тўлқинни бошдан кечирмоқда - Мельбурнда ҳозирги кунда саккиз мингга яқин одам коронавирус билан касалланган, Сиднейда Covid-19'нинг кичик ўчоқлари рўйхатга олинган. Расмийлар бир кун ичида мамлакатда 19 киши вирус қурбони бўлганини маълум қилишди.
Комментарии (0)