Дунёдаги вазият: Трамп вирусга ишонди, Австралияда «энг ёмон кун» ва Таиландда фавқулодда ҳолат режими
АҚШ президенти Дональд Трамп қарашларини тўсатдан ўзгартирди ва фуқароларни ниқоб кийишга чақириб, мамлакатда эпидемик аҳвол жиддийлигини тан олди. Австралияда бутун пандемия давридаги кунлик касалланиш ҳолатларининг рекорд даражаси қайд этилди - уларнинг аксарияти Мельбурнда. АҚШ расмийлари Хитой фуқароси бўлган икки шахсни коронавирус вакцинаси тўғрисидаги маълумотни ўғирлашга уринишда айбламоқда.
Фото: AFPДунё бўйлаб Covid-19 юқтириш ҳолатлари 15 миллиондан ошди, Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида касалликдан 616 769 ўлим қайд этилган.
Трамп коронавирусга ишонди
АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба оқшомида мамлакатдаги коронавирус эпидемияси «яхшиланиш бошланишидан олдин ёмонлашиши» мумкинлигини тан олди.
Матбуот брифингида Трамп барча америкаликларни ниқоб кийишга чақирди.
«Ниқоблар сизга ёқадими ёки йўқми, уларда фойда бор, уларда фойда бўлади ва энди бизда қандай восита мавжуд бўлса, барчаси керакли», деди АҚШ президенти олдинги кундалик брифингларига нисбатан қатъийроқ оҳангда. У шунингдек ниқоб тақишни ватанпарварлик деб таърифлади - ўзи ниқобини чўнтагидан олган бўлса ҳам, лекин барибир уни тақмади.

Инвестор ва мутахассислар наздида Трампнинг оҳангни ўзгартириши унинг Қўшма Штатлардаги коронавирус хавфи жиддийлигини тан олганини англатади. Атиги бир неча кун олдин Трамп коронавирус тез кунда ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши ҳақида гапирганди.
«Президентнинг сешанба куни қисқа чиқиши чоғида нима дегани муҳим эмас, - деб ёзади BBC'нинг Шимолий Америкадаги мухбири. -Унинг қайтишининг ўзи сўнгги уч ой ичида АҚШда эпидемия қай даражада қулоч ёйганини кўрсатади».
Шу билан бирга, АҚШ хитойлик ҳакерларнинг коронавирус вакцинасини қидиришга киришганини маълум қилмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги икки эркакни Хитой разведка хизматларига Американинг Covid-19'ни ўрганаётган компанияларидан маълумот ўғирлашга уринишда айбламоқда. Хитой ўзининг вакцинасини ишлаб чиқмоқда, гарчи клиник синовлар ҳали ҳам давом этаётган бўлса-да, баъзи ҳукумат амалдорлари аллақачон ундан фойдаланишлари мумкин.
«Жанубий ва Шимолий Америкадаги аҳвол 300 млн кишига хавф солмоқда»
Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантиришича, Шимолий ва Жанубий Америкада пандемия секинлашиши аломатлари сезилмаяпти. Аҳоли орасидаги сурункали касалликлар даражаси ва коронавирус тарқалиши туфайли Америка қитъаларида ҳар 10 кишидан 3 нафари - тахминан 300 миллион киши - Covid-19 келтириб чиқарувчи асоратлар ривожланиши хавфи юқори тоифага киради», дейди ташкилот директори Карисса Этьенн.
Этьеннинг таъкидлашича, сўнгги бир ҳафтада ушбу ҳудудда коронавирусдан 900 мингга яқин янги шикастланиш ва 22 мингта ўлим ҳолатлари қайд этилган, уларнинг аксарияти Бразилия, Мексика ва АҚШда.
Австралияда пандемиянинг «энг ёмон куни»

Австралиянинг Виктория штатида коронавирус юқтириб олиш бўйича кунлик рекорд қайд этилди - 484та янги ҳолат. Уларнинг аксарияти 7 июлда карантин тартиби жорий этилган Мельбурнда аниқланган. Чоршанба кунидан бошлаб штат пойтахтида жамоат жойида ниқоб кийиш мажбурий қилинган.
Виктория штати расмийларининг таъкидлашича, штатда сўнгги икки ҳафта ичида коронавирус ташхиси қўйилган 3 810 кишининг 90 фоизи симптомлар пайдо бўлишидан касаллик тасдиқланишигача бўлган давр мобайнида ўз-ўзини яккаламаган, 53 фоизи эса тест натижаларини кутиш пайтида бу қоидага амал қилмаган.
Мамлакатда умумий ҳисобда 502та янги шикастланиш аниқланди. Давлат бош санитар шифокорининг ўринбосари Майкл Кидднинг айтишича, бу пандемия бошланганидан бери Австралияда кузатилган энг ёмон кўрсаткич.
Аввалги рекорд 28 мартда қайд этилганди - ўшанда 469та янги ҳолат қайд этилганди. 9 июнь куни атиги икки бемор рўйхатга олинган.
Европадаги вазият
Европа Иттифоқининг Covid-19 кўрсаткичлари энг паст бўлган давлатларидан бири Ирландия Европанинг 15 мамлакатидан келувчилар учун карантин тартибини бекор қиляпти. Булар Мальта, Финляндия, Норвегия, Венгрия, Италия, Эстония, Латвия, Литва, Кипр, Словакия, Гренландия, Греция, Гибралтар, Монако ва Сан-Марино.
Шу билан бирга, Ирландия пандемиядан жиддий азият чеккан давлатлар учун, аксинча, қоидаларни қатъийлаштиришни режалаштирмоқда. Хусусан, самолётга чиқишдан олдин коронавирус тестининг манфий натижаси талаб қилиниши мумкин.
Таиланд фавқулодда ҳолат режимини узайтирди, Ҳонгконгда вирусни назоратга олишнинг янги чоралари, Кашмирда карантин

Таиланд ҳукумати пандемия сабабли мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини август ойи охиригача узайтирди.
Ҳонгконгда чоршанба куни барча ёпиқ жамоат жойларида мажбурий ниқоб кийиш қоидаси кучга кирди. Қоидабузарларга 5000 Ҳонгконг доллари миқдорида (645 АҚШ доллари) жарима солинади. Бундан ташқари, АҚШ ва Қозоғистондан қайтувчи ҳонгконгликлар самолётга чиқишдан олдин коронавирус тестининг манфий натижасини топширишлари керак ва шаҳарга қайтиб келгандан сўнг уйда эмас, меҳмонхонада ўзини изоляция қилиш тартибига амал қилишади.
Ҳонгконгда спорт заллари ва кўнгилочар жойлар 28 июлга қадар ёпиқ, ресторанлар эса соат 18:00да фаолиятни якунлаши керак.
Сўнгги ҳафталарда шаҳарда Covid-19 ҳолатларининг кескин ортиши рўй берди. Сешанба куни яна 61 кишида ташхис тасдиқланди ва икки киши вафот этди.
Кашмир вилоятининг ҳинд қисми расмийлари коронавирус пандемияси туфайли Ҳимолай тоғларида 4175 м баландликда жойлашган муқаддас Амарнатҳ ғорига йиллик зиёратни бекор қилди.
Ҳар йили икки ой давомида минглаб зиёратчилар Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Амарнатҳ ғорига ташриф буюришади, аммо бу йил маҳаллий ҳокимият вирусни оммавий йиғилишлардан юқтириш хавфи жуда юқори эканлигини ҳис қилди.
Жамму ва Кашмир иттифоқдош ҳудудидаги барча диний қадамжолар ташриф буюрувчилар учун 31 июлга қадар ёпиқ. Сешанба куни бу ерда коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 608та янги ҳолат қайд этилди ва жами ҳолатлар сони 15 мингга етди.
Эронда коронавирусдан бир кун ичида 229та янги ўлим қайд этилгач, президент Ҳасан Руҳоний ҳукуматни мамлакатда эпидемиянинг ёмонлашиб бориши ҳақида огоҳлантирди.
«Прогнозларга кўра, касалхонага ётқизилганлар сони олдинги ойларга қараганда кўпаяди. Дори-дармонлар тайёр бўлиши керак, чунки касаллик юки оғирлашади», деди у.
Комментарии (0)