< Дунёдаги вазият: Ҳиндистонда миллион, Бразилияда икки миллион ҳолат; Туркманистон раҳбари ҳам ниқобда » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Дунёдаги вазият: Ҳиндистонда миллион, Бразилияда икки миллион ҳолат; Туркманистон раҳбари ҳам ниқобда

Дунёдаги вазият: Ҳиндистонда миллион, Бразилияда икки миллион ҳолат; Туркманистон раҳбари ҳам ниқобда

Ҳиндистонда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони миллиондан ошди, Бразилияда бу миқдор икки миллиондан ортиқни ташкил этмоқда, АҚШда кунлик шикастланиш бўйича янги рекорд қайд этилди, Британия бош вазири Рождество байрамигача одатий ҳаёт тарзига қайтилишига умид қилмоқда.

Фото: AFP
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошидан бери дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони 14 миллиондан ошиқни ташкил этмоқда, 595 мингдан ортиқ инсон касаллик қурбонига айланган.
Ҳиндистонда миллионта зарарланиш
Ҳиндистон шикастланиш кўрсаткичлари бўйича дунёда (АҚШ ва Бразилиядан кейинги) учинчи ўринга чиқиб олди. 1,3 миллиард аҳолига эга давлат учун бир миллион бемор унчалик ҳам қўрқинчли вазият бўлиб кўринмас, аммо касаллик тўхтовсиз тарқалди ва соғлиқни сақлаш тизими беморлар билан кўмилиб қолган бўлиши мумкин.
Қатъий карантин чоралари юмшатилгандан сўнг расмийлар нисбатан кўпроқ шикастланган ҳудудлар учун муайян чекловларни қайта жорий этмоқда.
Бразилияда касалланганлар 2 миллиондан ортган
Бразилия ҳудудида вирус ташхиси қўйилган беморлар кўрсаткичи 2 миллион нафардан ошиб кетди ва кўринишидан, касаллик тарқалиши секинлашмаяпти.
AFP
Бразилия аҳолиси тахминан 210 млн кишидан иборат. Мамлакат шикастланиш ҳолатлари бўйича дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Президент Жаир Болсонару вируснинг хавфли эмаслигига ишонишда давом этмоқда, ваҳоланки бир ҳафта олдин унинг коронавирусга топширган таҳлиллари мусбат натижани кўрсатган.
Расмий статистикага мувофиқ, коронавирус 79 мингдан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган, аммо ҳақиқий кўрсаткичлар бундан юқори бўлиши мумкин.
Қозоғистондаги вазият: шифохоналар тўлиб-тошган, дори-дармон танқис
АҚШда рекорд даражадаги шикастланиш кўрсаткичи
АҚШда пандемия бошланганидан бери кунлик шикастланишнинг энг юқори кўрсаткичи қайд этилди - 74,5 минг ҳолат. Жонс Ҳопкинс университетти маълумотларига кўра, касалланганларнинг умумий сони ҳозирда 3,57 млн нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
EPA
Шикастланиш ўсиши суръати 30 штатда кузатиляпти. Мамлакат бўйлаб Covid-19'дан ўлим ҳолатлари сони бир кунда деярли мингтани ташкил этди. Пандемия бошидан бери коронавирус 138 мингдан инсонни ҳаётдан олиб кетди. 
50та штатнинг ярмидан кўпида ниқоб тақиш мажбурий қилиб белгиланган. Ушбу қоида аввалига ҳукумат томонидан жамоат жойлари ва бино ичида ниқоб кийиш таъкидланган Луизиана штатида кучга кирди. Штатда барлар ҳам ёпилган. 
Аммо ҳамма ҳам ушбу қоидани мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди. Жоржия штати губернатори, республикачи Брайан Кэм Атлантанинг демократчи-мэри Киши Ланс Боттомнинг ниқоб кийиш мажбурийлиги тўғрисидаги қарорига судда қарши чиқди.
Англияда карантиннинг навбатдаги юмшатилиши
Англияда жамоат транспортидан яна бемалол фойдаланиш мумкин ва 1 августдан бошлаб иш берувчилар ўз ходимларини офисга қайтариш ёки йўқлиги тўғрисида шахсий қарор қабул қилишлари мумкин, деб эълон қилди Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон. 
1 августдан бошлаб аксарият кўнгилочар масканлар, шу жумладан боулинг, муз саройлари ва казинолар қайта очилади. Гўзаллик салонлари ҳам фаолиятини қайта тиклаши мумкин. Бу имтиёзлар тунги клуб ва ёпиқ бинодаги болалар ўйин майдончаларига тааллуқли эмас.
Октябрь ойидан Англия аҳолиси спорт тадбирлари ва стадионлардаги концертларда иштирок этиши мумкин. 
Жонсоннинг айтишича, ҳукумат мамлакат йил охиригача нормал ҳолатга қайтади деб умид қилмоқда. Британияда коронавирус қурбонлари сони ҳозирда 45 мингдан ошган. Бу Европада энг юқори ўлим даражаси бўлиб турибди. 
Туркманистон раҳбари «чангдан ҳимояланиш» учун ниқоб тақди
Туркманистон - ҳукумат расмийлари коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари йўқлигини таъкидлаб келаётган саноқли давлатлардан бири.

Аммо бу ҳафта мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов биринчи марта маҳаллий телевидение орқали балиқ овида ниқоб таққан ҳолатда кўриниш берди, у ёлғиз ов қилди. Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, президент ниқобни «зарарли чанг тарқалгани» сабабли таққан.
Муваффақиятли овдан кейин президент болалар уйига борган ва ўлжаларини уларга берган, болалар ҳам ниқобда бўлган.
Туркманистонда шу ҳафтада тиббий ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш тартиблари кучга кирди. Ресторанлар, кафе ва бозорлар ёпилди.
Давлат телеканали иккита эски икки моторли самолёт қишлоқларни дезинфекция қилаётгани тасвирларини намойиш этган.
Туркманистонда ҳам Шимолий Кореядаги каби профилактика чоралари кўрилмоқда, аммо ҳукумат мамлакатда коронавирус йўқлигини айтмоқда.
6-16 июль кунлари давомида Туркманистондаги вазиятни ўрганган ЖССТ миссияси мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари борлигини тасдиқламади, аммо ҳукуматга мамлакатда коронавирус бордек иш тутиш тавсия қилинди.
12 июль куни Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги жануби-шарқ, шимоли-шарқ ва шимолдан кириб келган чанг миқдори мамлакатда ошиб кетгани сабаб аҳолини тиббий ниқоб тақиб юришга чақирганди. Маълум қилинишича, ҳавода чанг билан бирга «касаллик тарқатувчи моддалар» ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, вазирлик 1 метр оралиқ масофа сақлашга ҳамда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни сўраган. Бу вақтда Ашхободда тиббий ниқоблар нархи 14 баравар ошган - аввал ниқобларнинг бештаси 2,5 манат (расмий курс бўйича 0,7 доллар, «қора бозор» курси бўйича 0,1 доллар)дан сотилган бўлса, чоршанба, 8 июлдан бошлаб биргина ниқобнинг нархи 7 манат (мос равишда 2 ва 3 доллар)ни ташкил этган.
Исроил дам олиш кунлари карантинда
Исроилда янги шикастланиш ҳолатлари ортиши сабабли карантин чекловлари қайта жорий этилди. Жума куни соат 17:00дан якшанба куни соат 05;00гача, яъни Исроилда янги иш ҳафтаси бошлангунга қадар, дўконлар (озиқ-овқат дўконларидан ташқари), спорт заллари, сартарошхоналар, ҳайвонот боғлари, бозорлар, сайёҳлик жойлари ёпилади, ресторанлар фақат олиб кетиш учун озиқ-овқат сотиши мумкин. 
Биноларда 10 нафардан ортиқ ва очиқ ҳавода 20 нафардан ортиқ одам тўпланиши тақиқланган. Пляжлар ҳам ёпиқ. 
Чекловлар ҳар ҳафта охирида, кейинги алоҳида фармойиш эълон қилингунга қадар амалда бўлади, деди бош вазир Биньямин Нетаньяху. Таъкидланишича, коронавирусдан ўлим ҳоллари кўпайиб бориши муносабати билан ушбу чоралар кейинроқ қатъий карантин жорий қилишга тўғри келмаслигини таъминлаш учун зарурдир. 
Бошқа мамлакатлардаги аҳвол
  • Ирландия бош санитар шифокори мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият идеал эмаслигидан огоҳлантирди ва аҳолини таътилни уйда ўтказишга чақирди. Расмийларнинг фикрича, ҳозирги тезлик билан 10 августга бориб мамлакатдаги кунлик янги шикастланиш ҳолатлари 150тага етиши мумкин. 
  • Испанияда май ойи бошидан бери Covid-19 билан касалланиш бўйича рекорд миқдордаги ҳолат қайд этилди - 580та ҳолат. Барселона маъмурлари вирус тарқалишини тўхтатиш учун шаҳарда одамлар ҳаракатланишини чеклаш ниятида.
  • Италияда янги ҳолатлар сони кўпаймоқда. Тестлар бир кунда 230 кишида мусбат натижа кўрсатган. Уларнинг аксарияти Ломбардия ва Эмилия-Романьеда кузатилган. Пандемия бошидан бери мамлакатда 35 мингдан ортиқ киши коронавирусдан вафот этди.
  • ЕИ Сербия ва Черногорияни иттифоқ фуқаролари ташрифи учун хавфсиз мамлакатлар рўйхатидан чиқариб ташлади.
  • Франциянинг инфекцияланиш авж олаётган икки минтақаси - Майенн ва Нувель-Акитэнда вазият ташвишли тус олмоқда.
  • Июль ойида Қирғизистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари тўрт ярим бараварга ошди, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими эса ортиқча юкламага бардош бера олмади ва натижада аҳолининг аксарият қисмида ваҳима бошланди.
Қирғизистонда вазият оғирлашди: касалхоналарда жой йўқ, қариндошлар дори изламоқда
Шинжонда чекловлар
Коронавирус тарқалиши сабабли Хитойнинг Шинжон вилояти Урумчи шаҳрида 600дан ортиқ авиарейслар бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, олти нафар симптомли ва 11 нафар симптомсиз бемор қайд этилган. 
Карантин чоралари, шунингдек, ягона метро линиясини ва кўплаб автобус йўналишларини тўхтатишни ўз ичига олади. Шаҳар аҳолисидан баъзилар ижтимоий тармоқларда уларга ўз маҳаллаларини тарк этмаслик тўғрисида кўрсатма берилгани ҳақида хабар беришди. Бошқа нашрларга кўра, ҳукумат Шинжоннинг Қошғар шаҳрига кириш ва чиқишни ёпиб қўйган. 
Бельгияда иккинчи тўлқинми?
Бельгия, афтидан, пандемиянинг иккинчи тўлқини остонасида турибди, деди мамлакатнинг етакчи вирусологи Марк Ван Ранст. Аввалроқ бир ҳафта давомида янги шикастланишлар сони 32 фоизга ошгани маълум бўлганди.

Вируснинг тарқалиш суръати Covid-19'ни юқтирган одам ўртача яна бир кишини зарарлашини англатмоқда. Ван Ранст илгари беморларнинг ҳар ўндан бирини аниқлаш мумкин бўлган бўлса, ҳозирда ҳар учинчисини аниқлашга эришилаётгани ҳақида ёзган. 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирусологнинг хулосаларига қўшилмаган. Департамент вакили сўзларига кўра, янги ҳолатлар маҳаллийлаштирилган ва улар Ғарбий Фландрия, Антверпен ва Лимбургда рўй бермоқда. 
Америкаликлар Трамп ҳаракатларидан норози
Washington Post ва ABC News томонидан ўтказилган оммавий сўров натижаларига кўра, аксарият америкаликлар президент Трампнинг пандемия пайтида қилган ҳаракатларидан норози. 
Мамлакат аҳолисининг 60 фоизи кўрилган чораларни маъқулламайди ва 38 фоизи ҳамма нарсадан мамнун эканликларини айтишди. Май ойида норозилар 53 фоизни ташкил этганди. Трампнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватламаганларнинг 52 фоизи бу борада қатъий фикрда бўлган.
Ўртача ҳар 10 америкаликдан олти нафари Трампнинг Covid-19 ҳақидаги сўзларига ишонмайди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий