ЖССТ вакиллари Туркманистондан коронавирус топа олмади
Туркманистонда 6 июлдан буён иш олиб бораётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус миссияси ўн кун давом этган текширувларнинг хулосасини эълон қилди. Миссия раҳбари Кетрин Смолвуд махсус брифингда «Туркманистон ЖССТнинг Евроосиё минтақасида бирорта ҳам COVID-19 касаллиги аниқланмаган ягона аъзоси бўлиб турибди» деб баёнот берди.Бироқ, Туркманистонда одамлар шубҳали пневмониядан ўлишда давом этмоқда. Ашхободда 13 июль куни Туркманистон давлат телевидениеси ходими Чоригули Авликулиев тўсатдан вафот этди. Марҳумнинг касаллик варақаси билан таниш бўлган тиббиёт ходимининг сўзларига кўра, рентген суратларда Авликулиевнинг ўпкаси деярли кўринмаган. Чоригули Авликулиев охирги ишга борган куни касалхонага боришдан бош тортиб, шунчаки озгина қон босими кўтарилганидан шикоят қилган.
Авликулиев касалхонага 12 июль куни, ўлимидан бир кун олдин ётқизилган. 13 июль куни у вафот этган, 14 июль куни дафн қилинган.
Авлакулиевнинг жасади қариндошларига берилмаган ва дарҳол қабристонга олиб бориб дафн этилган. Чоригули Авликулиев атиги 45 ёшда эди. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида туркман телевидениесида ишлаган. Ҳозирги пайтда Чоригули Авликулиевнинг эгизак акаси, Сапармурод Ниёзов номли касалхонанинг умумий амалиёт шифокори бўлган Ишангули Авликулиев ҳам касалхонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Кетрин Смолвуд ўз нутқида ЖССТ мутахассислари Туркманистондаги турли тиббиёт муассасаларига ташриф буюргани ҳамда кўплаб тиббиёт ходимлари билан учрашганини таъкидлади. У ЖССТ вакиллари айнан қайси касалхоналарга ташриф буюрганини очиқламаган, аммо Туркманистондаги кузатувчиларнинг фикрига кўра, мамлакат касалхоналаридаги ҳақиқий ҳолат ЖССТ вакилларидан яширилган. Уларнинг билдиришича, вилоятлардаги шифохоналар коронавирус аломатлари бўлган беморлар билан тўла.
«Болқонободда коронавирус юқтирганликда гумон қилинган одамлар сил касаллиги даволанадиган маҳаллий диспансерга ётқизилган. Ушбу диспансер ҳаммани ётқизиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун энди беморларни тери касалликлари диспанцерига ётқизишаяпти», деб маълумот берган манбалардан бири.
Унинг сўзларига кўра, тез тиббий ёрдам шифокорлари аҳолидан мамлакатда коронавирус мавжудлигини яширмаяпти ва одамларга ҳожати бўлмаганда уйдан чиқмасликни тавсия қилмоқда.
Хазар шаҳрида (собиқ Челекен) ҳомиладор аёл касалхонага ётқизилган, унинг коронавирус учун топширган тести мусбат натижа берган. Шунингдек, Ашхобод перинатал марказида 14 июль куни ҳомиладор аёлда икки томонлама пневмония аниқланган ва у кесарча йўли билан фарзандини олиш учун операцияга ётқизилган. Ўша кунларда Тошҳовуз шаҳрининг Ипподром кўчасида яшовчи бутун бир оила уйидан олиб кетилган ва карантинга ётқизилган.
Сўнгги икки ҳафта ичида, Чоригули Авликулиевдан ташқари, шубҳали ва тўсатдан икки томонлама пневмониядан қўйидаги шахслар вафот этган:
• Кемал Учқун- Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси диний маслаҳатчиси
• Ягшигелди Какаев - Туркманистон Президентининг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси
• Баҳар Копекова - Республика мусиқа мактабининг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси
• Геннадий Абакумов - тадбиркор, Абадандаги «Дўстлик» кафеси эгаси
• Ботир Байраммуродов – Ашхободдаги «Гаудан» кичик мавзесидаг «Гарри Лукман» дорихонаси раҳбар
• Бобомурат Мухиев - Туркманобод педагогика институтининг математика ўқитувчиси.
Комментарии (0)