Коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган Черногорияда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди
Май ойининг иккинчи қисмида коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган Черногорияда яна касалланиш ҳолатлари қайд этила бошланди. Жумладан, мамлакатда 2 киши коронавирусдан вафот этган, яна бир киши вирусдан вафот этгани тахмин қилинмоқда.Маълум қилинишича, сўнгги суткада мамлакатда 438 киши коронавирусга тест топширган ва улардан 12 нафарида натижалар мусбат чиққан. Вирусга чалиниш ҳолатлари Рожае, Подгорица, Будва ва Бар шаҳарларида қайд қилинган.
Аввалроқ Черногория ҳукумати ҳузуридаги юқумли касалликлар бўйича мувофиқлаштириш кенгаши мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли барча сиёсий ва диний йиғинлар ўтказилишини тақиқлаб қўйганди. Черногория майнинг иккинчи ярмида эпидемия устидан ғалаба қозонганини эълон қилганига қарамай, мамлакатда июнь ўрталаридан янги касалланиш ҳолатлари аниқлана бошланган.
Аҳолиси 630 минг кишилик Черногория Европанинг коронавирус етиб борган охирги давлати бўлганди. Мамлакатда илк касалланиш ҳолати 17 март куни қайд қилинган. Мамлакат Европада коронавирусга чалинганлар тўлиқ соғайган илк давлат бўлганди.
Комментарии (0)