Коронавирус: Жанубий Кореяда иккинчи тўлқин, дунёда рекорд ўсиш
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сўнгги бир кунда рекорд даражада янги касалланиш ҳолатлари қайд этилгани ҳақида маълум қилди: бутун дунёда жами 183 минг кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, шундан 50 мингдан ортиқ ҳолат Бразилияга тўғри келади. Бундан ташқари, Жанубий Корея мамлакатда касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини бошлангани ҳақида хабар берди.

Айни вақтда Лотин Америкаси касалликнинг асосий ўчоғи бўлиб қолмоқда, шунингдек, Ҳиндистон ва Покистонда ҳам янги беморлар сони шитоб билан ортмоқда.
Бразилия ва Ҳиндистонда касалланиш ҳолатлари сони янада кўпроқ аниқланмоқда
Бразилияда Covid-19 туфайли қайд этилган ўлимлар сони 50 мингдан ошди, шунингдек, Бразилия вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1 миллиондан ошган иккинчи мамлакатга айланди. Экспертлар ушбу мамлакат пандемиянинг энг юқори кўтарилиш нуқтасидан ўтишига ҳали бир неча ҳафта борлигини айтишмоқда.

Пандемия бошланганидан буён Бразилияда икки марта соғлиқни сақлаш вазири истеъфоси кузатилди - уларнинг иккиси ҳам шифокордан чиққан вазирлар эди. Биринчи вазирни Болсонару ишдан бўшатганди, иккинчиси эса ижтимоий масофа сақлаш тартибини жорий этишга кўнмаган президентдан норози бўлган ҳолда истеъфога чиқди.
Якшанба куни Бразилия шаҳарлари кўчаларида намойишлар ўтказилди, уларнинг бир қисми Болсонару тарафдорлари бўлса, қолган қисми унга қаршилар эди.
Касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича Бразилия фақат АҚШдан ортда қолмоқда - Америкада касаллиги қайд этилганлар сони 2,2 миллиондан ошди, 120 минг киши Covid-19 қурбони бўлган.
Ҳиндистонда якшанба куни яна 15 минг кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 425 мингдан ошди. Covid-19 бу мамлакатда шу вақтгача 13,2 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган. Ҳиндистон ҳозирда жаҳон рейтингида АҚШ, Бразилия ва Россиядан кейин тўртинчи ўринда бормоқда.
Икки ҳафта муқаддам ҳукумат карантин режими юмшатилгани ҳақида маълум қилганди ва шундан сўнг касалланиш ҳолатлари яна кескин ўса бошлади. Экспертлар Ҳиндистонда эпидемия чўққиси июлдан сентябрга қадар давом этадиган ёмғирлар мавсумига тўғри келишини прогноз қилишмоқда.
Ҳиндистон: аёллар ўлими нега кўп?

Шу билан бирга, Ҳиндистонда касалликка чалинган эркаклар сони бошқа давлатларда бўлгани каби аёл беморлар сонидан кўпроқ.
Аввалроқ, Жонс Ҳопкинс университети қошидаги Блумберг соғлиқни сақлаш институтидан бўлган Сабра Кляйн эркаклар учун касалликка чалиниш хавфи кекса ёшдагиларда бўлгани каби юқори экани ҳақида айтганди.
Жанубий Кореяда иккинчи тўлқин
Жанубий Кореяда душанба куни Сеул атрофидаги ҳудудларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг иккинчи тўлқини қайд этилгани ҳақида маълум қилди. Жанубий Корея касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (KCDC) маълумотига кўра, иккинчи тўлқин май ойи бошидаги бир неча кластерча зарарланишдан келиб чиқди.

Тэжон шаҳрида қатъий карантин чоралари жорий этилган, шаҳарда спорт заллари, музейлар, кутубхоналар ва черковлар ёпилган.
Ҳукумат кунлик касалланиш ҳолатлари сони 30тадан ошса чекловлар янада қатъийлаштирилиши ҳақида маълум қилди. Якшанба куни мамлакатда 17та янги ҳолат қайд этилди, шундан 6та ҳолат хориждан келганлар билан боғлиқ.
Жанубий Кореяда шу вақтгача 280 киши Covid-19 туфайли ҳалок бўлди, жами ҳолатлар сони 12 мингдан ошган.
Жокович турнирида коронавирус
Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси, сербиялик теннисчи Новак Жокович томонидан ташкиллаштирилган Adria Tour турнирида иштирок этган бир неча спортчида Covid-19 аниқланди.
Бугун хорватиялик теннисчи Борна Чорич ҳам тест натижаси мусбат чиққанини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, касаллик ташқи аломатларсиз кечмоқда. Аввалроқ болгариялик теннисчи Григор Димитров ва Жоковичнинг фитнес-мураббийи Димитровда ҳам Covid-19 аниқланганди.
Кўргазмали турнир Сербия пойтахти Белградда ва Хорватиядаги курорт шаҳар Задарда ўтказилганди.
BBC нашрининг Сербиядаги мухбири хабар беришича, Жокович ва у таклиф этган теннисчилар Задардаги баҳслар вақтида ижтимоий масофа сақлаш қоидасига амал қилишмаганди. Улар баскетбол ўйнашган, маҳаллий мактабга ташриф буюришган ҳамда ресторанларда кўнгилхушлик қилишган.
Лиссабонда чекловлар қайтарилмоқда
Португалия ҳукумати янги касалланиш ҳолатлари авж олиши туфайли Лиссабонда қатор чекловларни қайтарди.

Португалия Европада нисбатан эрта чеклов чоралари жорий этган давлат бўлганди, айни вақтгача мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 40 мингга етган, 1500дан ортиқ киши вафот этган.
Бойлар янада бой, қашшоқлар янада қашшоқ
Британиядаги Resolution Foundation жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Британияда локдаун вақтида кам даромадли оилалар улуши ортган, шу билан бир вақтда нисбатан бой оилалар сони тежамкорлик туфайли ўз бойлигини кўпайтирган.
Кам даромадли оилалар эса локдаун вақтида ўз жамғармаларини сарфлаб бўлишган ва қарзга ботишган.
Шу билан бирга, Британия давлат статистик бюроси сўровларига кўра, локдаун аҳолининг катта қисми руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.
Респондентларнинг 40 фоизи эпидемиологик вазият туфайли ўз ҳаётида жиддий ўзгаришлар бўлганини маълум қилиб, локдаун даврида айниқса руҳий томондан қийналишганини тан олишган. Сўровномада қатнашган 16-29 ёшлиларнинг 42 фоизи, 30-59 ёшлиларнинг 25 фоизи ва 60дан ошганларнинг 15 фоизи руҳий саломатлиги ёмонлашгани ҳақида билдирган.
Комментарии (0)