Россияда маст актёр содир этган аварияда одам ўлди. Вазият Кремлда ҳам муҳокама қилинди
Россияда хизмат кўрсатган театр ва кино актёри Михаил Ефремов уй қамоғига ҳукм қилинди. У маст ҳолатда машина ҳайдаб автоҳалокат келтириб чиқарган. Оқибатда у билан тўқнашган машина ҳайдовчиси ҳалок бўлган.
Фото: Роман Канащук/ТАССАвариядан кейин актёрни четга чиқмаслик тўғрисидаги тилхат билан уйига қўйиб юборишганди. Ефремов 9 июнь куни терговга белгиланган вақтда етиб келмагани сабаб уни уй қамоғига олишга қарор қилишган. Актёр бунга қаршилик қилмади.
Ефремов иштирокидаги авария душанба куни кечаси содир бўлган. Ҳалокат Садовая айланма йўлининг Россия ташқи ишлар вазирлиги рўпарасидаги қисмида содир бўлган. Актёр Ефремов бошқарувидаги Жип йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетган ва фургонга бориб урилган. Фургон рулида бўлган 57 ёшли Сергей Захаров ҳалок бўлди.
Ефремовнинг машинаси келиб урилиши сабаб вафот этган 57 ёшли Сергей Захаров рязанлик бўлган. У интернет-дўконда ишлаган. Авария содир бўлганда у денгиз маҳсулотларини олиб кетаётган бўлган. У икки ҳафталаб сменада ишлаган ва ўзи каби ҳайдовчилар билан ижарада яшаган. Яқинларининг айтишича, Захаров Москвани ёқтирмаган ва қариган вақтида ҳаёт яқинларидан узоқда ишлашга мажбур қилганини афсусланиб гапирган. Яқинлари марҳумни камгап ва тартибли одам деб эслашди.
Вафот этган одам Сергей Захаров экани ҳақида у ишлайдиган интернет-дўкон «Деликатеска.ру»нинг инстаграм саҳифасида маълум қилинган: «Бизнинг ҳайдовчимиз Сергей Захаров автоҳалокатга учраб бугун тонгда касалхонада ҳалок бўлди. Унинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз. У оиламизнинг бир қисми эди. Дўстлар, ўзингиз ва ўзгаларни эҳтиёт қилинг. Барчасининг олдини олиш оддий иш эканини ўйлаш нақадар оғир...», дейилган баёнотда. Захаров авария содир бўлганидан 10 дақиқа аввал охирги буюртмани етказган ва ишини тугатиб қайтаётган бўлган.
Ефремов ва адвокатлари нима дейишмоқда?

Фото: Таган суди матбуот хизмати
Актёрлар нима дейишмоқда?
Ҳалокат содир бўлгач, ОАВда Ефремов билан бирга унинг машинасида яна бир актёр Иван Стебунов ва рафиқаси Елена Власова ҳам бўлгани ёзилди. Аммо Стебунов буни рад этди: «Машинада мен ҳам, хотиним ҳам йўқ эдик. Ҳеч қанақа барда ҳам бирга маишат қилганимиз ҳам йўқ. Шунчаки хотиним билан воқеа содир бўлган жойга бордик. Кейин у ерга актёр Сергей Гармаш ҳам борди».
Актёрнинг ҳамкасблари уни оқлаб постлар ёзишди. Режиссёр Роман Кочанов ҳеч қачон рулда ўтирмаслигини ва автоҳалокат вақтида фақат жабрланувчи бўлиши мумкинлигини айтиб, ҳар қандай одам маст ҳолда рулга ўтириши мумкинлигини эслатди: «Мишани отиш керак, осиш керак, деган гапларни ўқидим. Унинг хейтерларини ўзлари ва яқинларининг ҳам ҳаракатларидан огоҳ бўлишга ундаган бўлардим».
Ефремовнинг дўсти бўлган шоир Андрей Орловнинг айтишича, актёр одатда ичган вақтида рулга ўтирмаган: «Мен у билан 1977 йилдан буён танишман ва у қачондир ичиб рулга ўтирганини эслолмайман. У ёки шафёр чақирар ёки таксига ўтирарди. Ҳозир сиз билан қурбонлар бир эмас, икки нафар бўлган ҳалокат ҳақида гаплашаётган бўлишимиз мумкин эди. Ахир бу тўғрима-тўғри тўқнашув. Ефремовнинг ўзи ҳам ўлиб кетиши мумкин эди».
Режиссёр Никита Михалковнинг айтишича, бепарволик ва жазонинг муқаррар бўлмагани мана шундай ҳолатларга олиб келади: «Марҳумнинг яқинлари учун даҳшатли ва адолатсиз ҳолат бўлди. Бепарволик ва жазонинг муқаррар эмаслиги табиийки мана шундай ҳолатларга олиб келади».
Полиция нима демоқда?

«Интерфакс»нинг аниқлашича, актёрнинг қонида 2,1 промилле миқдорида алькогол бўлган ва бу ўрта ҳамда юқори мастлик даражаларининг орасидаги кўрсаткич ҳисобланади. Рус ОАВларида Ефремовнинг қонида кокаин ва марихуана ҳам аниқлангани ёзилди. «РИА Новости» манбасининг маълум қилишича, гап аввал истеъмол қилинган наркотик моддалар ҳақида кетмоқда ва улар аварияга тўғридан-тўғри таъсир қилгани аниқ эмас.
Воқеага Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам муносабат билдирди: «Афсуски, гап фожиали ҳалокат ҳақида кетмоқда. Маст ҳайдовчи, унинг кимлиги бутунлай аҳамиятсиз, ўлим билан тугаган ҳалокатга сабабчи бўлди», деган Песков.
Ижтимоий тармоқларда эса Ефремовнинг манзилига жуда ёмон сўзлари ёғилмоқда. Аксар фойдаланувчилар машҳурлар ва бойлар хоҳлаганидек машина ҳайдаб юргани мана шундай ҳолатларга олиб келганини гапирган. Воқеа жойида йиғилган одамлар ҳам Ефремовни видеога олиб унинг шаънига ҳақоратли сўзлар айтган.
Сулҳ бўлмайди
Россия «Биринчи канали»даги «Пусть говорят» теледастурида қатнашган марҳум Сергей Захаровнинг беваси Ирина Захарова келишишни хоҳламаслигини айтди: «Ҳеч қанақа тинч келишувни хоҳламайман. Хоҳламайман! Ўтириб чиқсин. Қанча кўп бўлса, шунча яхши», деган Захарова.
Михаил Ефремов уй қамоғига юборилди
Тергов Ефремовнинг гувоҳларга таъсир ўтказиши ва яшириниши мумкинлигини инобатга олиб, уни уй қамоғига олиш борасида судга сўров киритди. Уни қаноатлантирган суд Ефремовни 9 августгача уй қамоғига ҳукм қилди.
Комментарии (0)