«Бизни дарёга улоқтиришди». Афғонистон Эронни афғонларни қийноққа солишда айбламоқда
Карантин чоралари юмшатила бошлагач, афғонистонлик меҳнат муҳожирлари яна оммавий тарзда Эронга қайта бошлади. Бундан бир неча кун аввал чегарани кесиб ўтаётган бир гуруҳ афғонистонликлар Эрон ҳарбийлари томонидан қўлга олинган, ҳарбийлар ортга қайтиб кетишлари учун уларни дарёга улоқтиришган.
Фото: Getty ImagesАфғон нашрларининг ёзишича, муҳожирлар мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилоятидан қўшни давлатга ноқонуний киришга уринган пайтда Эрон чегарачилари томонидан қўлга олинган. Маълумотларга кўра, ҳарбийлар чегарадан ноқонуний ўтишга уринган афғонистонликларни калтаклаб, сўнг дарёга улоқтириб юборган. Оқибатда муҳожирларнинг айримлари ҳалок бўлган.
Эрон расмийлари бу айбловларни рад этмоқда. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили воқеа Эронда эмас, Афғонистон ҳудудида бўлганини айтмоқда. Эрон чегара хизмати расмийлари ҳам мамлакат чегарачилари воқеага алоқадор эмаслигини билдирган.
Етти муҳожир бедарак йўқолган

Афғонистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси маълумотига кўра, маҳаллий расмийлар комиссияга Эрон хавфсизлик хизмати иш қидириб мамлакат чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлган бир гуруҳ афғон муҳожирларини ҳибсга олганини айтган.
«Шундан сўнг Эрон чегарачилари қўлга олинган афғонистонликларни ортга қайтишга мажбур қилиб, Геридуд дарёсига улоқтиришган (ушбу дарё ҳар икки давлат чегараси бўйлаб оқади). Натижада бир неча киши дарёнинг нариги соҳилига сузиб ўтган, яна бир неча киши чўкиб кетган», дейилади Афғонистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия хулосасида.
Ҳодиса жойида бўлган ва Эрон чегарачилари дарёга улоқтиргандан сўнг орқага қайтиб, дарёни сузиб ўтган муҳожирлардан бири Шир Оғанинг Reuters’га маълум қилишича, Эрон чегарачилари муҳожирларни орқага қайтариш учун дарёга тушишга мажбурлар экан, агар ким дарёга тушмаса, отиб ўлдиришларини айтишган.

Эронда 3 миллионга яқин қочқинлар ва ёлланма ишчилардан иборат афғонистонликлар яшайди. Ҳар куни юзлаб афғонлар иш излаб Эронга ўтишади. Коронавирус тарқала бошлаши билан Эронда бўлиб турган афғонистонликлар оммавий тарзда ўз уйларига қайтишга мажбур бўлишди.
Бугун Эронда коронавирус юқтирганлар сони 100 мингдан ошган. Коронавирус юқтирган илк афғонистонлик ҳам Эрондан келганди. Эрон ҳукумати мамлакатда карантин чораларини енгилаштира бошлаши ортидан афғонистонликлар яна Эронга қайта бошлаган. Уларнинг аксарияти одатда Эрон чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уринади.
Афғонистон расмийлари коронавирус сабаб мураккаб бўлиб турган вазиятда Эрон билан дипломатик можаро келтириб чиқариши мумкин бўлган чегарадаги ҳодисадан хавотирда эканликларини билдиришган.
Ҳирот губернатори твиттердаги саҳифасида Эрон расмийларига қарата шундай деган: «Бизнинг одамлар шунчаки дарёга улоқтириш мумкин бўлган буюмлар эмас. Ҳали биз сиз билан ҳисоб-китоб қиладиган вақт ҳам келади».
Комментарии (0)