Дунёдаги вазият: Янги ҳолатларсиз Жанубий Корея ва аянчли рейтингда учинчи ўринга чиққан Британия
Жанубий Кореяда коронавирус пандемияси бошланганидан буён илк марта янги зарарланиш ҳолати қайд этилмади, АҚШда президент Дональд Трамп карантинни узайтиришга қарши бўлмоқда, туризм саноати миллиардлаб зарарга кирди.
Сўнгги кунда Жанубий Кореяда эпидемия бошланганидан буён илк марта вирусдан зарарланиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмади. Мамлакатда анча вақтдан буён ижобий динамика кузатилмоқда ва мамлакат ҳукумати ўтган ҳафтада карантин чораларини юмшатишни бошлаганди. Ижтимоий масофа сақлаш тартиби ҳам қисман юмшатилган.
BBC’нинг Сеулдаги мухбири Лора Бикернинг хабар беришича, Жанубий Кореяда касаллик аниқланмагани - эпидемияга қарши курашдаги муҳим босқичдир.
Февраль ойида бу мамлакат касаллик тарқалишининг асосий ўчоқларидан бирига айланганди. «Мен вирус кенг тарқалган Тэгу шаҳрида ҳолдан тойган шифокорлар ва ҳамшираларни кўргандим. Улар менга вирус тарқалиши темпини пасайтириш учун қўлларидан келган барча ишни қилишаётганини билдиришганди, бу вақтда шифохоналар атрофида беморларни олиб келган кўплаб тез тиббий ёрдам машиналари навбат кутиб тўпланганди», дейди мухбир.
Айни вақтда эса Жанубий Корея аҳолиси баҳор қуёшидан баҳра олмоқда. Хиёбонлар пикник учун чиққан одамлар билан тўлган, аэропортларда ҳам жанубдаги Чежу оролига таътилни ўтказиш учун йўл олган кўплаб туристлар оқими кузатилмоқда.
Атмосфера тозаланди
Бу вақтда Халқаро энергетика агентлиги (IEA) энергияга талаб камайиши муносабати билан атмосфера қатламига карбонат ангидрид гази чиқарилиши ҳажми бу йилда 8 фоизга камайиши мумкинлигини маълум қилди - тарихда бунақаси кузатилмаганди.

Бутун дунёдаги йирик шаҳарларда нафас олиш осонлашди, карантин чоралари туфайли бу шаҳарларда транспорт ҳаракати чеклангани бунга сабаб бўлди. Йўлларда машиналар ўрнини велосипедлар эгаллаган - бу эса турли давлатлар ҳукуматларига ёрдам бермоқда.
Франция ҳукумати велосипед инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 млн евро ажратди: бу маблағлар велойўлаклар қурилиши учун сарфланади, мамлакат аҳолиси велосипедларини тузатиш учун 50 евролик ваучерлар олиши мумкин. Бельгия пойтахти Брюсселда жами 40 километр узунликдаги янги велосипед йўллари қурилади.
Трамп карантинни узайтирмоқчи эмас
АҚШ президенти Дональд Трамп 1 майга қадар жорий этилган ижтимоий масофа сақлаш бўйича тавсиялар муддатини узайтирмоқчи эмаслигини билдирди. Март ойи охирида 15 кун муддатга жорий этилган, аммо кейинроқ 30 кунга узайтирилган тартибга кўра, америкаликларга имкон қадар уйдан туриб ишлаш тавсия қилинган ва одамлардан кўпчилик бўлиб тўпланишдан тийилиш сўралганди. Бундан ташқари, сурункали касалликлари бор фуқаролардан ўз ўзини иҳоталаш сўралганди.

Трампнинг ўзи кейинги ҳафтада мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни бошламоқчи: Оқ уйдаги бир ойлик «дам олиш»дан сўнг президент Аризона штатига бормоқчи.
Covid-19 эпидемияси туфайли Америка иқтисодиёти сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир даврни бошдан кечирмоқда. Мамлакатда ишсизлар армияси сони 30 миллион кишидан ошган, АҚШ ЯИМ йил бошидан буён 4,8 фоизга пасайган ва иқтисодиётчилар бу ҳали туб эмаслигини айтишмоқда.
Ғамгин рейтинг
Британиядаги расмий статистикага шифохоналардан ташқаридаги Сovid-19 дан вафот этганларни ҳам киритишга қарор қилинди ва энди Буюк Британия қурбонлар сони бўйича жаҳон рейтингида Испанияни қувиб ўтиб, учинчи ўринга кўтарилди.
Бунгача ўз уйида, кексалар уйларида ёки бошқа муассасаларда вафот этганлар асосий статистикада қайд этилмаётганди. Энди Буюк Британиядаги жами қурбонлар сони 26 166 нафарга етди.
Энг кўп қурбон берган давлатлар ўнлиги қуйидагича:
АҚШ (62,5 мингдан ортиқ ўлим)
Италия (27 967)
Буюк Британия (26 771)
Испания (24 543)
Франция (24 121)
Бельгия (7 594)
Германия (6 518)
Эрон (6 028)
Нидерландия (4 795)
Хитой (4 637)
Британия бош вазири Борис Жонсон пайшанба куни шифохонадан чиққанидан буён илк марта коронавирус мавзусида брифинг ўтказди. Жонсон март ойи охирида коронавирус белгилари билан шифохонага ётқизилган ва реанимация бўлимида уч тун ўтказганди. У шу ҳафтада ишга қайтди, аммо ҳозирча матбуот анжуманида иштирок этмаганди.
BBC нашрининг сиёсий таҳлилчиси Лора Кунсбергнинг сўзларига кўра, Жонсон вирус репродукцияси индекси ҳақида гапирмоқчи. Айнан шу кўрсаткичга қараб ҳукумат карантинни узайтириш, юмшатиш ёки янада кучайтириш ҳақида қарорлар қабул қилиши мумкин.
Германияда нималар бўлмоқда?
Германия туриндустрияси вакиллари ҳукуматдан ёрдам талаб қилмоқда, мамлакатда халқаро туризмга тақиқ 14 июнга қадар узайтирилган.
Бундан ташқари, ҳозирча мамлакат ичкарисида ҳаракатланиш ҳам чекланган. Ҳукумат немислар бу йил таътилни одатдаги каби ўтказа олмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Германия туроператорлар ассоциацияси йил бошидан буён соҳадаги йўқотишлар 4,8 млрд еврони ташкил қилишни билдирган. Умуман олганда, прогнозларга кўра, Германия иқтисодиёти бу йилда рекорд даражада 6,3 фоизга қисқариши мумкин.
Германияда ўтган ҳафта бошида карантин чораларини юмшатиш бошланганди. Ушбу мамлакат Covid-19’дан зарарланиш ҳолатларига нисбатан ўлим ҳолатлари сони камлиги бўйича Ғарбий Европада энг ижобий кўрсаткич қайд этмоқда. Германияда пандемия бошланганидан буён 162 123 кишида вирус аниқланган ва 6228 киши вафот этган.
Аммо бу давлатда R0 кўрсаткичлари ҳам камайганми?
- R0 — вирусни юқтириб олган ва бу ҳақида ҳали ўзи бехабар бўлган бир нафар касаллик ташувчи одамнинг ўзида инфекция борлигини билгунига қадар муддатда ўртача неча нафар кишига вирус юқтириши сонидир.
Март ойи бошида Германияда R0 кўрсаткичи 3га тенг эди, апрель ойи ўрталарида 1дан пастга тушди. Шу ҳафта бошида эса рақамлар яна кўтарила бошлади, кейин яна тушди, ҳозирда бу кўрсаткич 0.76 ҳолатига келган. Бу ҳафтада Германияда кунлик зарарланиш ҳолатлари сони 1000 билан 1500 ўртасида бўлди.
Комментарии (0)