Дунёдаги вазият: Испанияда коронавирус қурбонлари яна оша бошлади, Меркель огоҳликка чақирди
Испанияда кунлик ўлим ҳолатлари сони яна оша бошлади, аммо умуман олганда, мамлакатда эпидемия тарқалиши пасайиши давом этмоқда, Британия касаллик авж олишининг кўтарилиш даврини бошдан кечирмоқда, Германия ЕИ давлатларига маблағ билан ёрдам беришга тайёрланмоқда, Финляндия бош вазири ўз уйида иҳоталанган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони 2,7 миллиондан ошган, 189 мингга яқин киши вафот этган, 740 мингдан ортиқ бемор тузалган.
BBC коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги янгиликларни келтирди.
Испанияда сўнгги бир кунда 440 бемор вафот этиб (бир кун олдин камроқ ўлим қайд этилганди), қурбонларнинг жами сони 22 157тага етди. 4 635та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва жами ҳолатлар сони 213 мингдан ошди.
Умуман олганда, ушбу мамлакатда эпидемия пасаймоқда. Испания май ойи ўрталарида карантиндан чиқишни мўлжалламоқда. Шу ҳафтада 14 ёшгача бўлган болаларнинг уйдан чиқишига қўйилган тақиқ бекор қилинди.
Германия канцлери Ангела Меркель унинг мамлакати Европа Иттифоқи бюджетидаги улуши ҳажмини кўпайтирмоқчи эканини маълум қилди, бу орқали немислар коронавирус пандемияси туфайли оғир аҳволга тушган ва унинг оқибатларига қарши курашда ёрдамга муҳтож бўлган давлатларга ёрдам кўрсатишни ният қилишган.
Шу билан биргаликда Меркель Германия «ақл билан йўл тутиб, эҳтиёткор бўлиши кераклиги»ни айтмоқда. У ҳали инқирозли ҳолат тугамагани, балки ҳали бу бошланиши бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. «Биз бу вирус билан ҳали кўп вақт яшашимизга тўғри келади», - деган видеоалоқа орқали парламентда чиқиш қилган Меркель хоним.
У мамлакат Иккинчи жаҳон уруши давридан буён энг оғир синовга дуч келганини қайд этган. Мамлакат раҳбари фуқароларни карантин чоралари яна ва яна киритилиши давом этмаслиги учун ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя этишга чақирган.
Бундан ташқари, Германия ҳукумати ўз иқтисодиётига ёрдам бериш учун қўшимча 10,8 млрд евро маблағ ажратади.
Ёрдам пакети бизнес учун солиқ имтиёзлари, барча соҳалардаги ходимлар учун ижтимоий пакетларни, мажбуран ишсиз қолган одамларга ойлик маошининг 70-77 фоизини тўлаб беришни ўз ичига олади. Фарзандлари уйдан туриб ўқийдиган оилаларга компьютерлар харид қилишда ёрдам кўрсатилади.

Мамлакатда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда, аммо айрим федерал ерларда дўконларга боришда ниқоб тақиб бориш мажбурийлигича қолмоқда.
Британияда эпидемия чўққиси
Буюк Британия Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири Алок Шарма ҳукумат карантин туфайли мажбурий равишда муддатсиз таътилга чиқарилган 2,8 млн кишини ишчиларга ёрдам режасига киритгани ҳақида маълум қилди.
Режага кўра, мамлакат ҳукумати уларнинг ҳар бирига ойлик иш ҳақининг 80 фоизини тўлаб беради. Бу ҳолатда гап фақат вақтинча ишсиз қолганлар ҳақида кетади, коронавирус туфайли бизнеси тўлиқ ёпилган ёки ишдан бўшатилганлар ҳақида эмас. Бундай тоифадаги фуқаролар учун бошқа ёрдам схемаси ишлаб чиқилмоқда.
Британияда коронавирусдан вафот этганлар сони ва янги зарарланиш ҳолатлари сони кўпайишда давом этмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Ҳэнкок айни вақтда эпидемия кўтарилиш нуқтасига етганини маълум қилди, лекин ҳукумат ҳозирча карантин чораларини юмшатиш ҳақида ўйламаяпти.

Чоршанба куни мамлакат ташқи ишлар вазири, айни вақтда коронавирусдан соғайганидан кейин тикланиш жараёнида бўлган бош вазир Борис Жонсон ўрнига вақтинча ҳукуматни бошқариб турган Доминик Рааб ҳукумат яқин вақтлар ичида ўз олдига қўйган мақсадига етиши - бир кунда камида 100 минг киши тестдан ўтказилишини маълум қилди.
Европада яна нималар бўлмоқда?
ЕИ етакчилари видеоалоқа орқали коронавирус пандемиясига қарши курашга бағишланган саммит ўтказишмоқчи. Улар коронавирусдан нисбатан кўп зарар кўрган европалик ишчилар, компаниялар ва мамлакатларга ёрдам фонди учун 540 млрд евро ажратишга келишиши кутилмоқда.
Еврокенгаш раиси Шарль Мишель ташкилотга аъзо давлатлар зарур маблағларни 1 июнга қадар ўтказиб бериши кераклигини айтган.

Бош вазир офисининг расмий баёнотида айтилишича, Марин коронавирусни аниқлаш тестини топширган, натижа манфий бўлган, унда касаллик аломатлари ҳам йўқ, аммо мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда эҳтиёткорлик чораларини кўрган.
Ўтган йилнинг декабрида 34 ёшли Санна Марин жаҳондаги энг ёш ҳукумат раҳбари бўлган аёл сифатида омма эътиборига тушганди.
Финляндияда шу вақтгача 4 мингдан ортиқ кишида вирусдан зарарланиш ҳолати аниқланган ва 149 бемор вафот этган.
Босния ва Герцеговина - ҳам болаларга, ҳам қарияларга уйдан чиқиш тақиқланган давлатлардан биридир. Аммо мамлакат конституцион суди бу қарорни инсон ҳуқуқларига зид деб топди ва мамлакат ҳукуматига ушбу тақиқни бекор қилиш учун беш кун муҳлат берди.

Нидерландияда сўнгги 24 соатда 123 бемор вафот этди ва жами қурбонлар сони 4 177тага етди. Шу билан биргаликда, мамлакатда янги зарарланиш ҳолатлари камаймоқда, сўнгги бир кунда 887 кишида вирус аниқланган, Нидерландиядаги жами зарарланиш ҳолатлари сони - 35 729 ҳолат.
Туркия мамлакатдаги 31 провинцияда қатъий карантин жорий этди. Фақат озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар фаолиятига рухсат берилган. Мамлакатда коронавирусдан ўлим топиш ҳолатлари сони сўнгги кунларда фақат ўсмоқда. Шу вақтгача қайд этилган зарарланиш ҳолатлари сони 100 мингдан ошди, 2 491 киши оламдан ўтди.
Жаҳондаги вазият
Хитойда февраль ойида Уҳандаги вазиятни ёритганидан кейин ғойиб бўлиб қолган журналист Ли Цзэхуа топилди.
Ўтган икки ой мобайнида у ҳақида ҳеч нарса маълум эмасди. Унинг сўнгги репортажи YouTube порталига 26 февраль куни жойлаштирилган, унга полиция ушбу журналистни таъқиб қилаётгани тасвирланган кадрлар акс этганди. Ўзининг янги видеосида маълум қилишича, у ўтган вақт мобайнида карантинда бўлган.
Февраль ойи ўрталарида эпидемия ўчоғи бўлган Уҳандаги воқеаларни ёритиб борган яна икки фаол йўқолиб қолганди. Ҳозирча улар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Сўнгги ҳафтада яна 4,4 млн америкалик ишсизлик нафақаси олиш учун ариза ёзган. Шу тариқа, АҚШда ишсизлар армияси сони 26 млн кишидан ошди. Бу мамлакатнинг янги тарихида меҳнат бозоридаги энг чуқур инқироз бўлмоқда.
Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ҳукумат томонидан ажратилган 349 млрд долларлик ёрдам пакети икки ҳафтада сарфлаб бўлинди.
АҚШ дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони ва ўлимлар сони бўйича етакчиликни давом эттирмоқда - шу вақтгача 866 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланган, беморларнинг 49 мингга яқини вафот этган. Сўнгги бир кунда 17,4 мингдан ортиқ кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди, 1209 бемор оламдан ўтди.
Коронавирус ва футбол

Бундеслига Европада майдонга қайтган илк йирик лигага айланиши мумкин. Пайшанба куни икки дивизион раҳбарияти навбатдаги йиғилиш вақтида турнирни 9 майдан давом эттириш истагини билдирди. Энди бу таклифни Ангела Меркель ва федерал ерлар бош вазирлари маъқуллаши керак бўлади. Улар ўз қарорларини 30 апрелга қадар билдиришади.
Беларусь премьер-лигаси - Европада коронавирус туфайли ўйинларни тўхтатмаган ягона лигадир. Бу мамлакатда умуман карантин ёки чеклов чоралари жорий этилмади.
Бу вақтда УЕФА кейинги мавсум еврокубокларини қандай ўтказиш ҳақида бош қотирмоқда. Ички чемпионатлар август ойида бўлса ҳам ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳолда чемпионатлардаги жамоалар эгаллаган ўринларига қараб еврокубокларда иштирок этиши мумкин.
Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг жорий мавсуми эса икки хил вариантда давом эттирилиши кўриб чиқилмоқда. Турнирнинг қолган ўйинлари ички чемпионатлар билан параллел равишда ёки улар тугаганидан кейин август ойида ўтказилиши мумкин.
Комментарии (0)