Эрдўған Ҳиндистонда мусулмонларнинг ўлдирилишини қоралади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлидаги тартибсизликлар вақтида мусулмон фуқароларнинг ўлдирилишини қоралаб чиқди.
Фото: APФуқаролик ҳақидаги қонунга тузатмалар киритилиши сабабли Ҳиндистон пойтахти шимолида юз берган тартибсизликлар вақтида 4 кун ичида 34 киши ҳалок бўлди, 200дан кўпроқ киши жабрланди. Пойтахт маъмурияти тўқнашувлардан кейин бир нечта туманда комендантлик соати жорий қилган. Нью-Деҳли бош вазири ушбу туманларга армияни киритишга чақирган.
“Ҳиндистон оммавий қотилликлар содир этилувчи давлатга айланди. Мусулмонларни индуистлар ўлдирмоқда. Бу одамлар бутун дунёда тинчликни қандай қўллаб-қувватлай олади? Бу имконсиздир”, деб айтган Эрдўған Анқарадаги чиқишида.
Ҳиндистон парламенти ўтган ҳафтада Покистон, Афғонистон ва Бангладешдан келган қочқинларга фуқаролик беришни соддалаштириш бўйича таклиф берди - аммо бир шарт билан, улар мусулмон бўлмасликлари керак. Шу билан бир вақтда, кўплаб штатларда маҳаллий мусулмонлар Ҳиндистон фуқароси эканини исботлаши керак бўлади. Агар улар керакли далиллар келтира олишмаса, уларни депортация кутади.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳиндистонлик мусулмонларни ғазаблантирди. Уларнинг фикрича, сўнгги тузатишлар конституцияга зид, чунки расман дунёвий ҳисобланган мамлакатда аҳолининг бир қисми диний эътиқодидан келиб чиқиб камситилмоқда. Ҳиндистон шимоли-шарқий штатлари аҳолиси ҳам қонунга эътироз билдирган — энди улар Бангладешдан келган миллионлаб одамлар уларнинг штатларида доимий қолиб кетишидан хавотирда. Бу тузатишларни маҳаллий аҳоли манфаатларига зид деб ҳисоблаган мусулмонлар оммавий норозилик акцияларини бошлашган.
Сўнгги уч кун мобайнида ижтимоий тармоқда индуистлар жамияти вакиллари қуролсиз одамларни, жумладан, журналистларни ҳам калтаклаётгани тасвирланган кўплаб суратлар ва видеолар тарқалди. Шаҳар кўчалари бўйлаб калтаклар ва тошлар билан қуролланган кишилар гуруҳлари юриб, мусулмонларни таъқиб қилишди, гуруҳлар ўртасида қонли тўқнашувлар бўлиб ўтди.
Комментарии (0)