Хитойда коронавирус қурбонлари ва касалланганлар сони кескин ошиб кетди
Хитойнинг Хубэй провинциясида ўтган бир кун ичида коронавирус қурбонлари сони 242 нафарга кўпайиб, умумий сони 1310 нафарга етди.Шунингдек, касалланганлар сони бир кун ичида 14840 нафарга кўпайган.
Вирус ўчоғи ҳисобланган Уханда вирусдан 216 киши вафот этган.
Охирги маълумотлар бир кун аввалгидан кескин фарқ қилмоқда. 11 февралда Хубэйда вирусдан 94 киши вафот этгани, 2015 та янги касалланиш ҳолати қайд этилгани маълум қилинганди.
Провинциянинг соғлиқни сақлаш қўмитаси бундай фарқни ташхис қўйишнинг янги усули қўлланаётгани билан тушунтирган. Жумладан, касалланиш ҳолатларининг диагностик таснифланишига “клиник ташхис” қўшилган. Хитойлик мутахассисларнинг фикрича, бу беморларга “касалликнинг эрта давридаёқ даво олиш имконини беради” ва шу сабабли кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширади.
13 февралдан коронавирусга чалинганликка гумон қилинаётганлар аниқроқ натижа берадиган янги усул билан текширила бошланади.
Аввалроқ олимлар вирусга тестдан ҳар иккинчиси нотўғри натижа бериши мумкинлигини, бу таҳлил олиниши усулига боғлиқлигини маълум қилишганди.
Айни вақтда вирусдан вакцина ишлаб чиқилмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида таъкидланишича, бундай воситаларнинг одамларда синалиши 3-4 ойдан кейингина бошланади.
Комментарии (0)