Япония коронавирус сабабли Олимпиада бекор қилиниши ҳақидаги миш-мишларни рад этди
2020 йил Токиода ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари ташкилотчилари коронавирус эпидемияси сабабли Олимпиада бекор қилиниши ҳақида тарқалган миш-мишларни рад этди.
Фото: APОлимпиада бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар бир неча кундан бери интернетда, жумладан, твиттерда #TokyoOlympicCancelled ҳештеги остида айланмоқда. Япония Олимпия қўмитаси The Associated Press ахборот агентлигининг бу масалага аниқлик киритиш илтимосига жавоб берди.
“Биз ўйинларни бекор қилишни умуман муҳокама қилмаганмиз. Ташкилий қўмита Халқаро Олимпия қўмитаси ва бошқа қўмиталар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда”, дейилган Япония Олимпия қўмитаси баёнотида.
ХОҚ вакиллари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари билан учрашиб, коронавирус эпидемияси масаласини муҳокама қилишган ва вазиятга изоҳ беришган. “Токиодаги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режага кўра давом этмоқда. ХОҚ Ўйинлар арафасида БМТнинг барча асосий ташкилотлари, жумладан ЖССТ билан ҳамкорлик қилаётгани одатий амалиётдир”, деб тушунтирилган ХОҚда.
Олимпиада ташкилотчиларининг таъкидлашича, Ўйинлар доирасида ўтувчи спорт тадбирларига чипталарга талаб жуда катта бўлмоқда. Ташкилотчиларнинг баҳолашича, 24 июлдан 9 августгача ўтадиган Олимпиадани ўтказиш учун 12,6 млрд доллар сарфланади.
Комментарии (0)