Коронавирус Хитойдан ташқарида ҳам одамдан одамга юқа бошлади — Германия ва Японияда илк ҳолатлар қайд этилди
Германия ва Японияда коронавирус биринчи марта Хитойдан ташқарида бир одамдан бошқасига юқиши ҳолатлари қайд этилди. Хитойда яқиндагина коронавирус одамлар орасида тезроқ тарқала бошлагани ҳақида хабар берилганди. Айни вақтда бу вирусдан зарарланганлар сони 4500 кишига етган.

Мюнхендан унчалик узоқ бўлмаган ҳудудда 33 ёшли бемор ўтган ҳафта Шанхайдан учиб келган хитойлик ҳамкасби билан иш жойида мулоқот қилганидан кейин вирусни юқтирган. Бавария ери ҳукуматининг юқумли касалликлар билан курашиш гуруҳи раҳбари Андреас Цапфнинг айтишича, аёл Хитойдан қайтаётганда самолётда саломатлигида ўзгаришларни сезган.
Бу Германия ҳудудида коронавирус юқишининг биринчи ҳолати бўлди. Сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Цапф ваҳимага тушмасликка чақирди ва Германияда ҳозир грипп мавсуми эканлигини эслатди. Бавария ери соғлиқни сақлаш вазири Мелани Ҳумлнинг айтишича, бемор «ўзини яхши ҳис қилмоқда».
Хавфли коронавирус кучаймоқда. Хитой ҳукумати янги тақиқлар жорий этди
Шунингдек, Японияда муқаддам Уханда бўлмаган 60 ёшли эркак вирусдан зарарланган. Тахминларга кўра, сайёҳлик автобусининг ҳайдовчиси бўлган бу шахс вирусни уханлик бир гуруҳ сайёҳлардан юқтирган. Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили буни тасдиқлади.

Ҳонгконг ҳам Хитойнинг материкдаги қисми билан алоқани тўхтатган - рейслар қабул қилинмаяпти, темир йўл қатновлари ҳам бекор қилинган. Бу ҳақда шаҳар раҳбари Керри Лэм махсус матбуот анжуманида маълум қилди.
Коронавирус тарқалиши: Хитойликлар ниқоблар сотиб олишмоқда, аммо улар инфекциядан сақланишга ёрдам бера оладими?
«Мамлакат оғир аҳволда». Си Цзиньпин вирус тарқалиши тезлашаётганини маълум қилди, зарарланганлар сони 2 мингдан ошган
Кўплаб давлатларнинг ҳукуматлари Ухань ва унинг атрофидаги шаҳарлардан фуқароларини эвакуация қилишни режалаштирмоқда. Аммо Хитой ҳукумати карантин ҳолатидаги шаҳарлардан одамларни эвакуация қилишга розилик билдирмоқчи эмас.
АҚШда учта зарарланиш ҳолати маълум қилинганига кўп вақт бўлмади - Иллинойс, Вашингтон ва Калифорния штатларида.
Францияда сешанба куни коронавирус уч кишида аниқланди: икки ҳолат Парижда, биттаси мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмидаги Бордода. Парижда касалхонага ётқизилганлар 18 январь куни Францияга келган хитойлик эр-хотин эканлиги маълум. Хитойнинг Франция вино саноатида ишлайдиган 48 ёшли фуқароси Бордо шаҳри касалхонасига жойлаштирилган. У Францияга Ухандан учиб келганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавируснинг янги тури келтириб чиқарган пневмониядан 106 киши вафот этган, шунингдек, 4500дан ортиқ одам вирусни юқтириб олган. Хитойдан ташқарида ҳозиргача бирорта ҳам ўлим ҳолати кузатилмаган.
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 23 январь куни коронавируснинг янги тури одамдан одамга юқаётганини маълум қилди, аммо бу қанчалик фаол содир бўлаётгани ҳозирча номаълум.
- 27 январь куни ЖССТ коронавируснинг глобал хавфини баҳолаш билан боғлиқ ҳужжатларда хатога йўл қўйилганини ва у қайд этилганидек ўртача эмас, юқори эканини тан олди.
- Эпидемия сабаб Хитойдаги умумий аҳолиси 57 миллион кишига тенг 15та шаҳар тўлиқ ёки қисман ёпилган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин вазиятни мураккаб деб атаган, Ўзбекистонда ушбу вируснинг мамлакатга кириб келмаслиги учун чоралар кўрилмоқда.
Комментарии (0)