Нега Швейцарияда ҳар йили янги президент сайланади?
Бу мамлакатда ҳар янги йилда президент алмашади. У ёки бу қонунни қабул қилиш ё қилмасликни фуқаролар ҳал этишади. Депутатлар эса мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақига яқин миқдорда маош олишади. Бу мамлакат – Швейцария.Ҳар тўрт йилда швейцарияликлар парламент депутатларини сайлайдилар, улар ҳам ўз навбатида ҳукуматни, яъни етти кишидан иборат Федерал кенгашни сайлашади. Швейцариянинг энг катта тўртта партияси II жаҳон уруши давридан бери фаолият юритиб келмоқда, дея ҳикоя қилади Currenttime.tv, политолог Клоэ Янсга асосланиб.

Фото: Republik
Швейцарияда давлат раҳбари деганда Федерал кенгаш тушунилади. Кенгашнинг етти нафар аъзоси тенг ҳуқуққа эга.

Фото: Reuters
«Фуқаролар қонунчилик ташаббуси билан чиқишлари, қолаверса референдум орқали давлат ёки маҳаллий даражада қонунларни қабул қилишда иштирок этишлари мумкин. Бу – тизимнинг ўзига хос жиҳати. Бу каби бошқарув шакли бошқа ҳеч бир мамлакатда йўқ», – дейди Клоэ Янс.
Швейцарияда одамлар сиёсатчилар учун овоз беришдан ташқари, бирор бир мамлакат билан халқаро шартнома имзолаш ёки имзоламаслик, муайян ҳудудда янги йўл қуришга пул сарфлаш ё сарфламаслик каби масалаларни ҳам референдум орқали ҳал қилишади.

Бу бинода Швейцария Федерал Ассамблеяси (парламент) ва Федерал Кенгаш (ҳукумат) шу бинода жойлашган
«Шу тариқа, фуқаролар ҳукумат ва парламент томонидан тасдиқланган исталган қонун лойиҳасини рад этишлари мумкин», – дейди Клоэ.
Референдумдан ташқари, оддий фуқаролар ҳам қонун лойиҳасини илгари суришлари ёки қонунга ўзгартиришни таклиф этишлари мумкин. Фақат кўпроқ имзо тўплаш керак бўлади.
Швейцарияда турлича ташаббуслар ва қонун ҳужжатлари юзасидан референдумлар йилига тўрт марта (март, июнь, сентябрь, декабрь) ўтказилади. 2017 йилда халқ шу йўл билан пенсия ислоҳотини рад этган эди.

«Тизим асосида тўғридан тўғри демократия ётади. Бу фуқароларимиз ўзларини швейцариялик деб ҳисоблашлари учун муҳим омил, бизни биргаликда ушлаб турган жиҳат», – дейди Клоэ Янс.
Унинг таъкидлашича, тўғридан тўғри демократиядан ташқари, Швейцария сиёсий тизимининг яна бир муҳим томони – федерализмдир. Бошқарувнинг бу шакли сиёсий ҳокимиятни маҳаллий даражада жамлаш имконини беради. Шунингдек, амалдаги консоционализмга асосан, ҳукумат вакиллари аҳолининг турли гуруҳлари фикрини максимал даражада ҳисобга олишлари зарур.
Ярим ставка ишловчи депутатлар
Швейцарияда парламент икки палатали, уларнинг ҳар иккиси ҳам тенг ҳуқуққа эга. Парламентда барча, ҳатто энг кичик кантонлар вакиллари ҳам бор. Бироқ энг қизиғи, Швейцария парламентининг яримпрофессионаллиги. Яъни халқ вакилларининг 80 фоизига яқини депутатлик фаолиятини бошқа иш билан биргаликда олиб боришади.
«Яримпрофессионал парламент ғоясига кўра, сиёсатчиларнинг алоҳида синфи пайдо бўлмаслиги керак. Халқ вакиллари бўлган депутатлар эса оддий одамларнинг ҳаёти билан узвий боғлиқликда яшаши керак, бу эса уларга халқ манфаатларини яхшироқ акс эттириш имконини беради», – дея тушунтиради Клоэ. – Албатта, буни энг идеал ғоя дейиш ҳам тўғри эмас. Ахир сиёсат – муҳим иш ва кўп вақт олади. Сўнгги вақтларда профессионал депутатлар сони ортмоқда».

2016 йилда Швейцария миллий телерадиокомпанияси депутатларнинг маоши мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан бор-йўғи 20 фоизга кўпроқ эканини маълум қилганди. Бироқ агар йўл ҳақи, ёрдамчилар ва бошқа ишга оид харажатлар учун устамалар ҳисобга олинадиган бўлса, у кўпроқ бўлади, дейди Клоэ Янс.
«Ўйлашимча, парламент депутати йилига ўртача 150 минг франк олади. Ойига бу 12 минг бўлади. Умуман олганда, Швейцариядаги ўртача иш ҳақи ойига 6500 франк».
Партиялар молиялаштирилиши шаффоф эмас
Швейцария сиёсий тизими нафақат таҳсин, балки танқидга ҳам сабаб бўлади, дея тан олади сиёсатшунос.
«Европа кенгаши Швейцарияда сиёсий партиялар молиялаштирилишининг шаффофлиги тўғрисидаги қонун йўқлиги сабабли доимий равишда ҳисобот сўрайди. Буни «катта қора тешик» деса бўлади. Бироқ ҳозир бу масала бўйича ташаббуслар бор. Мамлакатимиз бу масалани умумхалқ овоз бериши орқали ҳал қилар, эҳтимол».
Комментарии (0)