< Эроннинг иккинчи рақамли одами Трампнинг буйруғи билан ўлдирилди. Генерал Қосим Сулаймоний ўзи ким эди? » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Эроннинг иккинчи рақамли одами Трампнинг буйруғи билан ўлдирилди. Генерал Қосим Сулаймоний ўзи ким эди?

Эроннинг иккинчи рақамли одами Трампнинг буйруғи билан ўлдирилди. Генерал Қосим Сулаймоний ўзи ким эди?
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) таркибидаги «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний Ироқда АҚШ ҳарбийлари авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлди.
Пентагон Сулаймоний АҚШ президенти буйруғига кўра ўлдирилганини тасдиқлади.
3 январга ўтар кечаси ОАВда Бағдод аэропорти ҳудудида учта ракета портлагани, ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна 9 киши жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ислом инқилоби соқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ зарбаси вақтида ҳалок бўлдиWashington Post хабарига кўра, зарба вақтида Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда автомобилда бўлган, тахминларга кўра, америкаликлар дрон (учувчисиз учар қурилмаси) орқали автомобиллар колоннасига ҳужум уюштирган.
Халқаро кузатувчилар Эроннинг нуфузли қўмондонларидан бири ҳалок бўлгани, бу эса АҚШ ва Эрон муносабатларидаги зиддиятни янада кескинлаштиришини айтишди.
Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимини тасдиқлади ва у америкаликлар вертолётидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Теҳрон АҚШнинг Эрондаги манфаатларини ифодаловчи Швейцариядаги ишончли вакилини чақиртирди ва ундан қўшни Ироқда уруш олови ёқилиши борасида изоҳ сўралди.
«Биз зарба беришга тайёрмиз»: Хоминаий Трампга жавоб қайтардиЭрон олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоминаий Ироқда генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани сабабли мамлакатда 3 кунлик миллий мотам эълон қилди ва АҚШдан бунинг учун қасос олинажагини маълум қилди.
«Шаҳидлик унинг йиллар давомидаги фаолияти учун мукофот бўлди. У кетган бўлсада, Аллоҳнинг иродаси билан унинг иши ва йўли тўхтаб қолмайди. Бу оқшомда ифлос қўлларини қонга бўяган жиноятчиларни қўрқинчли қасос кутмоқда», дейилган унинг твиттердаги расмий саҳифасида.
Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф мазкур «жиноий ҳужум» муҳокамаси учун ҳукуматнинг хавфсизлик хизмати шошилинч йиғилиш ўтказишини билдирган.
«ИШИД, «Ал-Нусра» ва «Ал-Қоида» каби террорчилик гуруҳлари билан курашиш йўлида самарали фаолият кўрсатган генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши АҚШнинг халқаро террорчилик акти бўлиб, фавқулодда хавфли ва чуқур эскалация ҳисобланади», дейди Эрон ТИВ раҳбари. Вазирнинг таъкидлашича, АҚШ ўзининг «фирибгарона қалтис ишларига» жавоб беради.
Бу хабарлар ортидан Дональд Трамп твиттерида Америка байроғини жойлаштирди ва уни ҳеч қандай изоҳсиз қолдирди.
Қосим Сулаймоний Эрон истеблишментидаги муҳим фигуралардан эди. Унинг бошқарувидаги «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси тўғридан-тўғри оятуллоҳ Али Хоминаийга бўйсунади.
Бағдоддаги ҳодиса ортидан жаҳонда нефть нархи 4 фоизга кўтарилиши кузатилди.
Бу қандай содир бўлди?

«Президент буйруғига кўра, АҚШ қуролли кучлари Американинг хориждаги персоналини ҳимоя қилиш учун қатъий мудофаа ҳаракатларини амалга оширди ва халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатидаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдирди», дейилган Пентагон хабарида.
Америка Мудофаа вазирлиги ушбу зарба Эроннинг келгусида режалаштирган ҳужумлари олдини олиш мақсадида амалга оширилганини қайд этган.
«У сўнгги бир неча ойдан бери коалициянинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужумларни ташкиллаштирган,.. шунингдек, Бағдоддаги Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумни маъқуллаган», дейилади Пентагон пресс-релизида. Қўшимча қилинишича, АҚШ «ўз фуқаролари ва ўз манфаатларини бутун дунё бўйлаб ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади».
Қайд этиш жоизки, авиазарба АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси намойишчилар томонидан қамал қилинишидан бир неча кун ўтиб содир бўлган. Расмий Вашингтон ушбу ҳужум генерал Сулаймоний кўрсатмаси билан амалга оширилганини билдирган.
Бағдодда намойишчилар АҚШ элчихонасини қамал қилишдиПомпеонинг Ўзбекистонга ташрифи қолдирилдиNew York Post нашри ҳарбийлар орасидаги аноним манбасига асосланиб хабар қилишича, аэропортдаги ҳужум оқибатида 7 киши ҳалок бўлган. Газета маълумотига кўра, иккита автомашинага авиазарба берилган. Нишон иккинчи уринишда йўқ қилинган: унгача учта ракета йўлланган, аммо генералга шикаст етмаганди.
Америкалик ҳарбийлар маълумотида қайд этилишича, Қосим Сулаймоний ва «Кудс» махсус бўлинмаси америкалик ҳамда халқаро коалиция таркибида бўлган юзлаб ҳарбийлар ўлими ва минглаб кишиларнинг жароҳат олишида масъул бўлган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси маълумотига кўра, Сулаймоний билан бирга Ироқдаги шиаларнинг «Катаиб Ҳисзбуллоҳ» гуруҳи қўмондони Абу Маҳди Муҳандиз ҳам ҳалок бўлган.
Шунингдек, америкалик ҳарбийлар Бағдодда ушбу гуруҳнинг бир қанча бошлиқларини қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ҳозирча бу хабарлар тасдиқланмади.
«Катаиб Ҳизбуллоҳ» - Ироқдаги шиаларнинг ҳарбийлашган гуруҳи бўлиб, 2007 йилда Эрон қўллаб-қувватлови билан тузилган.
АҚШ баёнотига кўра, «Катаиб Ҳизбуллоҳ» Эрон Ислом муҳофизлари корпуси билан қалин алоқалар ўрнатган бўлиб, халқаро коалиция кучларига ҳужум уюштириш учун бир неча марта Эрон ҳукуматидан кўмак олган.
Америка президенти маъмуриятидагилар ИИМКни Яқин Шарқдаги АҚШга қарши террорчи гуруҳларни бошқарувчи куч сифатида кўришади.
Таҳлил
Фрэнк Гарднер, Би-би-си

Разведка маълумотлари асосида ҳаракатланган америкалик ҳарбийлар кеча тун қоронғисида Эроннинг муҳим ҳарбий қўмондонини ўлдиришди.
Пентагон бу авиазарба Эроннинг келгусидаги ҳужумларининг олдини олиш учун амалга оширилганини билдирди. Аммо аслида бу ҳужум тез орада бутунлай акс таъсир кўрсатиши мумкин.
Қосим Сулаймоний Эрондаги асосий диний арбоблардан эди ва эронликларнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий кампанияларида асосий вазифани бажарар эди.
Унинг ҳалокати АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Сулаймонийнинг ўлдирилиши янги урушни бошлаб бериши мумкин
Америкалик сенатор Крис Мерфи Сулаймонийнинг йўқ қилиниши томонлар ўртасидаги зиддият янада кенг кўламда авж олиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг ҳисоблашича, эронлик генерал АҚШнинг душмани бўлгани аниқ, аммо бундай қарор янада кўпроқ америкаликлар ўлимига олиб келиши мумкин. «Савол бошқа жойда: Америка ҳукумати Эроннинг иккинчи шахсини конгресс рухсатисиз йўқ қилиши ва бу орқали кенг миқёсли минтақавий урушни бошлаш учун сабаб келтириб чиқариши мумкинмиди?» — дея қайд этган сенатор.
Қосим Сулаймоний ким эди?
20 йил давомида генерал Сулаймоний Яқин Шарқдаги эътиборли воқеаларда муҳим ролни бажариб келган
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эронда 1979 йилги инқилобдан сўнг ташкил этилган. Қуруқликдаги, ҳарбий ҳаво ва ҳарбий денгиз кучлари ИИМК таркибига киради. Корпус фақат Эрон олий раҳнамосига бўйсунади ва мамлакат Қуролли кучларидан алоҳида ҳаракатланади. АҚШ разведка хизматлари таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ИИМК Эрон иқтисодиётининг 50 фоизини, хусусан, банк ва молия соҳаларини назорат қилади ёки «сезиларли таъсир кўрсата олади».
Қосим Сулаймоний 1998 йилдан буён хорижда махфий амалиётлар ўтказиш билан шуғулланадиган «Кудс» махсус бўлинмасига қўмондонлик қиларди. У ўтган вақт мобайнида бир неча марта Ғарб давлатлари, Исроил ва араб давлатлари махсус хизматлари томонидан уюштирилган суиқасдларни бошдан кечирган.
Эрон «Кудс» ҳарбий бўлинмаси Сурия ва Ироқдаги ҳарбий низоларда иштирок этганини тасдиқлаган. 
Ироқ ва Суриядаги уруш вақтида узоқ йиллар давомида ҳеч ким танимаган Сулаймоний Эронда жуда машҳур бўлиб кетди. У Эроннинг бош стратеги сифатида қабул қилина бошланди.
Трамп маъмурияти тасдиқлашича, «Кудс» Эроннинг Яқин Шарқда АҚШга қарши курашувчи гуруҳларни ривожлантириш учун асосий механизм бўлиб, «Кудс» бу гуруҳларни молиялаштиради, ўқитади, уларга қурол-яроғ етказиб беради.
Сулаймоний Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсир доираси кенгайишида муҳим рол ўйнаган ва бу ҳудудда ўз таъсирини кенгайтиришга уринадиган бошқа давлатлар — АҚШ, Саудия Арабистони ҳамда Исроилга тўсқинлик қилиб келган. У Сурия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда муҳим ролни ўйнаган. Хусусан, унинг бўлими 2011 йилда Сурияда бошланган фуқаролик урушида Башар Асад томонида туриб жанг қилган, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги шиа айирмачиларига ИШИДга қарши туришда кўмак бериб келган. Будан ташқари, у Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Фаластиндаги жангари гуруҳлар (ХАМАС) билан мустаҳкам алоқа ўрнатган.
2019 йилнинг апрель ойида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамда унинг таркибидаги «Кудс» бўлинмасини халқаро террорчи ташкилотлар сифатида эълон қилганди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий