< Столтенберг: Украина НАТО аъзоси бўлади ва бу масалада Россияда овоз бериш ҳуқуқи йўқ » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Столтенберг: Украина НАТО аъзоси бўлади ва бу масалада Россияда овоз бериш ҳуқуқи йўқ

Столтенберг: Украина НАТО аъзоси бўлади ва бу масалада Россияда овоз бериш ҳуқуқи йўқ

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар айрим шартлар бажарилганда Украинани альянсга қабул қилишга тайёр эканини таъкидлаб, Россия бу масалада овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигини эслатди.

Фото: НАТО
Альянс расмий сайтининг хабарига кўра, Столтенберг бу ҳақда Одессадаги ҳарбий денгиз академиясидаги чиқиши чоғида баёнот берган.
«Украинанинг альянсга аъзолиги борасида менинг нуқтаи назарим НАТОники билан бир хил. Биз 2008 йилда НАТОнинг Бухарестдаги саммитида қарор қабул қилганмиз. Ўшанда Украина НАТО аъзоси бўлиши керак, деган қарорга келганмиз. Бу қарор ҳамон ўз кучида. Биз бу қарорни кўплаб марта такрорладик. Бир вақтнинг ўзида, ҳозир асосий диққат-эътибор ислоҳотларга: сизларга қандай ёрдам бера олишимизга, НАТО стандартларига риоя қилишда ёрдам беришга, сизларнинг мудофаа ва хавфсизлик институтларингизни мустаҳкамлашга қаратилмоқда», — деган Столтенберг.
Унинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар ва альянс аскарларининг қўшма машқлари, НАТО томонидан Одесса ҳарбий денгиз академиясининг қўллаб-қувватланиши, ислоҳотларнинг ўтказилиши Украинани Шимолий Атлантика блокига аъзоликка яқинлаштиради.
«Бу қарорни Украина ва Альянснинг қолган 29 аъзоси қабул қилиши керак. Бошқа ҳеч ким бу қарорга аралаша олмайди. …Россия бу масалада овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Унда бу қарорга таъсир ўтказиш мумкин бўлган ҳеч қандай юридик ёки ҳаққоний платформа йўқ», — деган НАТО бош котиби.
У Россия томонидан ҳам имзоланган Ҳелсинки Якуний Акти ва бошқа халқаро ҳужжатларга ишора қилган. Уларда ҳар бир давлатнинг ўз ривожланиш йўлини аниқлаб олиш ҳуқуқи, қайси хавфсизлик чоралари мажмуасига аъзо бўлишга қарор қилишдаги эркинликлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Столтенбергнинг таъкидлашича, НАТО эшиклари доим очиқ. Мисол тариқасида у 2017 йилда НАТО аъзоси бўлган Қоратоғ (Черногория) ҳамда бир неча ойдан сўнг альянсга аъзо бўладиган Шимолий Македонияни мисол келтирган.
112.ua хабарига кўра, Украина бош вазирнинг ўринбосари, Европа ва евроатлантика интеграцияси масалалари бўйича вазири Дмитрий Кулеба 5 йил ичида Украина НАТОга аъзолик критерийларини тўлиқ бажаришини ваъда қилган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий