Афғонистон президентлигига сайловларнинг дастлабки натижалари 14 ноябрда эълон қилинади
Мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Олам Нуристоний комиссия сайловлар натижаларини эълон қилишда «ҳеч қачон ички ёки ташқи кучлар босими остида бўлмаганини» таъкидлади

Сентябрь ойида бўлиб ўтган Афғонистон президентлигига сайловларнинг дастлабки натижалари 14 ноябрда эълон қилинади. Бу ҳақда Афғонистон мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Олам Нуристоний маълум қилди, деб хабар берди 1TV телеканали.
Унинг сўзларига кўра, 14 ноябрь Афғонистон президентлигига сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилиш муддати сифатида танланган. Матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, Нуристоний комиссия сайловлар натижаларини эълон қилишда "ҳеч қачон ички ёки ташқи кучлар босими остида бўлмаганини таъкидлади.
Аввалроқ МСК сентябрда бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаси 19 октябрда, якуний натижаси 7 ноябрда эълон қилинишини билдирганди.
19 октябрь куни Ҳаво Олам Нуристоний президент сайловининг дастлабки натижасини белгиланган муддатда эълон қила олмаслигини билдириб узр сўради.
У комиссия техник сабаблар боис натижани белгиланган муддатда аниқлай олмаганини маълум қилди.
Афғонистонда 28 сентябрда бўлиб ўтган президент сайловида 15 нафар номзод, жумладан, амалдаги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ҳамда бош вазир Абдулла Абдулла иштирок этганди.
Бу 2001 йилдан буён Афғонистонда ўтказилган тўртинчи президент сайлови бўлди.
Комментарии (0)