Туркия ИШИД раҳбарини йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказилганини тасдиқлади
ОАВда ИШИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар фонида Туркия Мудофаа вазирлиги АҚШ Анқара билан мувофиқлаштирилган ҳолда ИШИД раҳбарига қарши ҳарбий амалиёт ўтказганини тасдиқлади.

Anadolu агентлигининг Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаси хабар қилишича, 27 октябрга ўтар кечаси Суриянинг Идлиб шаҳридаги амалиётдан олдин америкалик ва туркиялик ҳарбийлар ўзаро маълумот алмашган.
Ушбу амалиётда 8та вертолёт ва 4та учувчисиз учиш қурилмаси (дрон) иштирок этган.
Маълум қилинишича, америкаликлар авиацияси 27 октябрга ўтар кечаси Сурия ва Туркия чегараси яқинидаги Идлиб вилоятининг Бариша қишлоғида жойлашган бир неча уйга ракета зарбалари йўллаган. Амалиёт 4 соатга яқин вақт давом этган. Авиазарбалар якунида бинолар буткул вайрон бўлган.
Агентлик маълумотига кўра, воқеа жойидан 7 кишининг жасади топилган - 3 нафар эркак, 3 нафар аёл ва бир бола.
Қайд этилишича, Идлибдаги ҳаво ҳудудини россиялик ҳарбийлар назорат қилади.
Бундан аввалроқ Reuters агентлиги, CNN телеканали ва бошқа нашрлар ўз манбаларига асосланган ҳолда, АҚШ Абубакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказгани ҳақида хабар тарқатганди. Reuters агентлигининг Эрон махсус хизматларидаги манбалари Сурия томони ИШИД раҳбарининг ҳалокати ҳақида хабардор қилганини тасдиқлаган.
Ҳозирча ушбу амалиёт ва унинг якунлари бўйича расмий баёнот берилмади. АҚШ президенти Дональд Трамп твиттердаги саҳифасида шундай хабар қолдирган: «Катта воқеа содир бўлди». Лекин у нимани назарда тутгани номаълум. CNN агентлиги маълумотига кўра, Оқ уй биометрик кўрсаткичлар ва ДНК-экспертиза натижалари олинганидан сўнг бу ҳақда расмий баёнот беришни режалаштирган.
Абу Бакр ал-Бағдодий ким?

Уни ИШИД раҳбари ва жаҳоннинг биринчи рақамли жиноятчиси деб аташади, у кўп йиллардан бери таъқибда.
2011 йилнинг октябрида АҚШ уни расман «террорчи» деб атаган ва у қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилган.
У ҳақда «жуда яхши ташкилотчи» ва «шафқатсиз тактик» деган таърифлар юради.
Унинг ҳақиқий исми Иброҳим Авад ал-Бадри ҳисобланади. У 1971 йилда Бағдоддан 125 км шимолда жойлашган Самарра шаҳрида туғилган.
Айрим манбаларга кўра, у 2003 йилда коалиция кучлари Ироққа бостириб кирган вақтда Самаррадаги масжид имоми бўлган.
Айрим экспертларнинг тахмин қилишича, у Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн бошқаруви вақтидаёқ экстремистга айланган эди.
Аммо у Ироқ жанубидаги Кэмп-Букка лагерида (бу ерда «Ал Қоида»нинг кўплаб қўмондонлари сақланган) ўтган 4йил давомида радикаллашгани айтилади.
У ҳақда 2010 йилда гапира бошлашди, ўшанда кейинроқ ИШИДга айланган «Ироқдаги Ал-Қоида» гуруҳи шаклланганди.
Узоқ вақт давомида Бағдодий Сурия ва Ироқ чегарасидаги ҳудудда яшириниб келиши ҳақида гаплар юрарди.
16 сентябрь куни ИШИД 30 дақиқалик аудиохабар тарқатди, унда Бағдодийники экани айтилган овоз томонидан ИШИД тарафдорлари ҳарбий амалиётлар ўтказишга чақирилади.
2017 йил июнида Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ал-Бағдодий Суриянинг Раққа шаҳри яқинидаги авиазарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилганди. Авиазарба ИШИД етакчилари йиғилган бинога берилганди.
Аммо ўшанда АҚШ бошчилигидаги Халқаро аксилтеррор коалиция бу хабарни тасдиқламаганди.
Комментарии (0)