Microsoft Пентагоннинг 10 млрд долларлик буюртмасини қўлга киритди. Amazon бу қарорни мантиқсиз деб атади
Пентагон танлов натижаларига кўра Microsoft компанияси билан маълумотларни сақлаш учун булутли инфратузилма яратишни кўзда тутувчи 10 млрд долларлик битим тузди. Бу ҳақда MarketWatch хабар берди. Таъкидланишича, Microsoft барча қўйилган вазифаларни бажара олсагина, ушбу суммани қўлга киритади. Компания буюртма учун курашда Amazon, IBM, Oracle ва Google каби компанияларни доғда қолдирди.
Пентагон Microsoft билан битим тузишини эълон қилгач Amazon вакиллари бундан таажжуб билдиришган. Washington Post нашрининг ёзишича, айнан Жефф Безос компанияси танловда ғолиб бўлишга асосий даъвогар ҳисобланганди. Нашр Amazon’нинг мағлубиятини АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан танқидга учраши ва мудофаа вазирлиги қарорни охирги паллада ўзгартиргани билан боғлаган.
Amazon вакили MarketWatch’га изоҳида компания булутли технологиялар соҳасида яққол етакчи эканини айтган. Безоснинг компаниясида “таклифларнинг ҳолис баҳоланиши бошқа натижаларга олиб келган бўларди”, деб ҳисобланмоқда.
Google ушбу танловдан биринчилардан бўлиб чиқиб кетганди. Бунга компания ходимларининг раҳбариятни Пентагон билан ҳамкорлик қилмоқчилиги учун танқид қилиши сабаб бўлган.
Комментарии (0)