< Хитойда VII Бутунжаҳон ҳарбий ўйинлар очилиши маросими бўлиб ўтади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Хитойда VII Бутунжаҳон ҳарбий ўйинлар очилиши маросими бўлиб ўтади

Хитойда VII Бутунжаҳон ҳарбий ўйинлар очилиши маросими бўлиб ўтади

Хитойнинг Ухань шаҳрида 18 октябрь оқшомида VII Бутунжаҳон ҳарбий ўйинлар очилиши маросими бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик ҳарбийлар 12 йиллик танаффусдан кейин яна ушбу ўйинларда иштирок этадилар.

Фото: РИА Новости / Ростислав Нетисов
Ушбу ўйинлар иштирокчилари сони бўйича рекорд ўйинлар бўлади.
Ҳарбий ўйинлар 1948 йил ташкил этилган Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) раҳнамолигида ўтади. Айни кунда ташкилотга аъзо давлатлар сони 135тага етган.
Мусобақалар “дўстликни мустаҳкамлаш ва тинчликни қуриш” шиори остида бўлиб ўтади. Уларда 18 октябрдан 29 октябргача 10 кун давомида 109 та давлат спортчи ҳарбийлари 27 та спорт тури бўйича 329 та йўналишда беллашадилар.
Эътиборлиси, ўзбекистонлик ҳарбийлар 12 йиллик танаффусдан кейин яна ушбу ўйинларда иштирок этадилар. Ўзбекистон сўнгги марта 2007 йилда Ҳиндистонда ўтган IV Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларда иштирок этган ва 5 олтин, 2 кумуш, 5 бронза медаль билан Россия, Хитой, Германия, Италия, Украина ва Кениядан кейин 7-ўринни эгаллаган эди.
Ўйинлар дастуридан бадминтон, камондан ўқ узиш, велоспорт, бокс, гольф, футбол, дзюдо, парашют спорти, ўқ узиш, сузиш, триатлон, волейбол, стол тенниси, замонавий бешкураш, от спорти, қиличбозлик, жойда мўлжални олиш, спортча кураш, ҳарбий-ҳаво бешкураши, ҳарбий-денгиз бешкураши, ҳарбий бешкураш ва бошқа спорт турлари ўрин олган.
Биринчи Бутунжаҳон ҳарбий ўйинлар Римда 1995 йилда бўлиб ўтган. Ўйинлар ҳар 4 йилда бир маротаба ўтказилади. 2015 йилда Жанубий Кореяда ўтган охирги VI Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларда 117 давлатдан 7 минг ҳарбий 24 спорт тури бўйича беллашган. 
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу ўйинлар бир қатор кўрсаткичлар бўйича рекорд ўйинлар ҳисобланади. Жумладан, мусобақаларда 109 та давлатдан 9308 ҳарбий иштирок этади. Шунингдек, ушбу ўйинлар тарихдаги энг катта кўламлиси бўлади. Бундан ташқари, мусобақалар рекорд сондаги 329 та йўналиш бўйича бўлиб ўтади.
Ўз навбатида, Ухань шаҳри мэри Чжоу Сяньван ўйинлар вақтида фойдаланиладиган 54 та спорт объектидан 34 таси айнан ушбу мусобақалар учун қурилганини маълум қилган. Асосий объект Ухань спорт маркази бўлиб, унда ўйинларнинг очилиши ва ёпилиши маросимлари ўтади. Бутунжаҳон ҳарбий ўйнлар тарихида илк бор спортчилар учун “Олимпия қишлоғи” қурилди. Таъкидланишича, ташкилотчилар мусобақаларга 26 минг кўнгиллини жалб қилишган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий